Наманганда ёш китобхон оилалар сараланди
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган "Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани" ахборот-кутубхонасида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилаётган “Ёш китобхон оила” Республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзига хос билимлар синовида танловнинг шаҳар ва туман саралаш босқичларида юқори натижаларга эришган 18 та фаол ва иқтидорли ёш китобхон оила иштирок этди.
Жамиятнинг муқаддас қўрғони – оилада таълим-тарбияни тўғри ва самарали йўлга қўйишда ота-она меҳри ва билими билан бир қаторда китобнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу маънода, китобхонликка урғу қаратилган оилаларда камолга етаётган ўғил-қизлар ҳам ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишади.

Ёш китобхон оилалар вакиллари танлов Низомига асосан 30 та китоб асосида тайёрланган саволларга жавоб қайтариб, китобхонлик борасидаги билимларини синаб кўрди.

Ўзининг зукколиги, ҳозиржавоблиги ва чин маънода китобга бўлган ошнолигини намоён эта олган Наманган туманидаги иқтидорли филологлар Анвар ва Моҳина жуфтлигидан иборат Жабборовлар оиласи биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, танловда фахрли иккинчи ўринга Поп туманилик Дадабоевлар оиласи, учинчи ўринга эса Норин туманилик Турғуновлар сазовор бўлди.
Китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган бу каби танловлар энг аввало, адабиётга ошуфта оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг сафини кенгайтириш, китобсеварларни кашф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА