Наманганда уч авлод вакиллари учрашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси олдида тўпланган бир гуруҳ нуронийлар “Уч авлод учрашуви” тадбирларида иштирок этиш учун жойларга ташриф буюрди.
Иштирокчилар учта замонавий автобусда ҳаракат хавфсизлиги идоралари кузатувида дастлаб Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ёшлар кичик саноат зонаси томон йўл олди. Улар “Master class dizayn” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, бежирим пойабзаллар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.
Лойиҳа қиймати қарийб 15 миллиард сўм бўлган корхона йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Нуронийлар корхонада иш ўрганувчи ёшлар билан суҳбатлашди, уларга ҳалол меҳнат – кетмас давлат эканини уқтирди.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари А. Насриддинов ташриф буюрганлар эътиборини ушбу ёшлар кичик саноат зонаси кўрсаткичларига қаратди. Қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган саноат зонасида 46 та лойиҳа бор. Уларнинг 18 таси ўз фаолиятини бошлаган. Жумладан, “Sifat yogʻoch” масъулияти чекланган жамиятида ҳозирда 70 нафардан зиёд йигит-қиз ишламоқда. Корхона тўла қувват билан фаолият юритса йилига 31 миллиард сўмлик мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
[gallery-10966]
“Уч авлод учрашуви” иштирокчиларининг навбатдаги манзили “Юксалиш” кичик саноат зонасидаги пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси бўлди.
“Ботир Муҳаммадали” масъулияти чекланган жамиятида 100 га яқин жамоа аъзоси меҳнат қилади. Пойабзал ишлаб чиқаришда янги технологиялардан фойдаланиб келаётган корхонада ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортмоқда.
Тадбир иштирокчилари корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Ҳудуддаги яна бир корхона – “Gaymur tekstil 2020” МЧЖда асосан турли ўлчам ва турли кўринишдаги кўрпа ва кўрпачалар, ёстиқ ва чойшаблар тайёрланади. Халқ тилида “туя кўрпа” деб аталувчи бу маҳсулотлар ҳар бир оилага энг керакли ашё ҳисобланади.
Аввалда Хитойдан келтириладиган бундай кўрпалар нархи 400-500 минг сўмдан эди. Маҳсулот хомашёси ўзимизда тайёрланаётгани унинг тубдан арзонлашувига сабаб бўлди. Ҳозир ўша кўрпанинг нархи 80 минг сўм.
Бу ерда бўлган учрашув иштирокчилари тадбиркор маҳсулоти ниҳоятда керакли эканлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда барча жойларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам инсон қадрини улуғлаш юқори босқичга кўтарилмоқда. Буни “Навбаҳор” мажмуасида давом этган “Уч авлод” учрашуви даражасининг кўламидан ҳам билиш мумкин. Вилоятда халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, ўзидан яхши ном қолдирган ўнглаб фидойи юртдошларимиз ҳаёти ва фаолияти муҳрланган ҳужжатли фильмлар намойиши, куй-куйга, қўшиқ-қўшиққа уланиши бу ерга таклиф этилган шахслар қалбини қувончга тўлдирди.
Вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни қизғин муборакбод этди. Катта авлод вакилларининг бой ҳаёти, тажрибаси ўрта ва ёш авлод вакиллари учун чинакам мактабдир. Бу мактабнинг самараси нуроний отахон ва онахонларнинг фойдали ишлари, тавсия ва насиҳатлари кейинги авлод вакиллари томонидан қай даражада ўзлаштириб олинаётганлиги билан баҳоланади. Бу масалада вилоятда ижобий тажриба кўп тўпланган.
Тўкин дастурхон атрофидаги хушчақчақ суҳбатлардан нуронийларнинг ҳам, ёшларнинг ҳам кўнгли баравар таскин топди. Улар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда шахсий ибрат кўрсатишни қалбларига тугиб олгани аниқ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА