Наманганда тадбиркорлар фаолияти ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрида маҳаллий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу амалий ишларни Обжувоз маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув жараёнида мазкур маҳаллада мебель жиҳозлари ишлаб чиқараётган ишбилармон Абдумалик Нуриддинов фаолияти билан танишди. Тадбиркор нафақат оила аъзолари бандлигини таъминлаган, балки ёш авлодга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ўз ҳунари сир-асрорларини ўргатишни йўлга қўйган.
[gallery-22597]
Шаҳар ҳокими учрашув давомида тадбиркорликни кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш ва янги имкониятлар яратиш бўйича таклифлар берди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга кредит ва субсидиялар ажратиш имкониятлари тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ Саноат маҳалласида ҳам бўлиб, пластик эшик ва ром ишлаб чиқарувчи тадбиркор Абдулҳамид Раҳимов фаолиятини ўрганди. Хонадонда ташкил этилган ушбу кичик цехда ҳозирда 10 га яқин фуқаро иш билан таъминлаган.
Маҳалланинг яна бир тадбиркори Акрам Абдураззоқов бошчилигидаги корхонада ҳам пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқарилади. 10 дан зиёд иш ўрни яратилган корхона кунлик 30 дан ортиқ эшик ва ром тайёрлаш қувватига эга.
Шаҳар ҳокими ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирар экан, тадбиркорлар билан мулоқотда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш мақсадида энергия тежамкорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилди. Хусусан, қуёш панелларини ўрнатиш орқали электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
ЎзА фотомухбири
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар