Наманганда суд соҳаси фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
Юртимизда қай бир соҳада бўлмасин, фахрийларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш эзгу қадриятга айланган. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ушбу эзгу анъана янада кенг қулоч ёзди. Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам узоқ йиллар элу юртга хизмат қилган нуронийлар ва суд фахрийларини бирлаштирди.
Чортоқ туманидаги сўлим масканда бўлиб ўтган тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Ботирали Ҳакимов, суд фахрийлари ва судьялар иштирок этдилар. Меҳмонлар даставвал “Короскон тарихий музейи”ни айланиб, қадимий экспонатлар, ўтмишдан сўзловчи осори-атиқалар, кўҳна китоблар билан танишди.

Вилоят суди раиси Алишер Усмонов барча фахрийларни байрам билан муборакбод этди. Наманган вилоятида судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар...” номли китоб-альбом тақдимоти ўтказилиб, мазкур китобда келтирилган тарихий манбалар ва шахсларнинг суд тизимидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор, бу жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилгани ҳам ушбу фикрларнинг яққол тасдиғидир.

Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида соҳа фидойилари Маҳмуджон Қурбонов ҳамда Файзулла Жалилов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими Чортоқ туманида ўтказилишининг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор. Зеро, бундан 43 йил муқаддам Маҳмуджон Қурбонов айнан шу туман судида фаолият олиб бориб, одил судловни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис ҳам суд фахрийсига кўкрак нишонини ўша вақтда туман раҳбари бўлган Ботирали Ҳакимов топширди.

Тантанали тадбирда шунингдек, кўп йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, ўнлаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 50 ёшни қарши олган Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимовага Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи ва вилоят суди раисининг табрикномаси топширилди.
Суд фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ҳар бирига судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар...” номли китоб-альбом ҳамда эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири