Наманганда спортнинг оммавийлиги янада ортади
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов шаҳар-туман жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, вилоят спорт федерациялари ҳамда спорт мактаблари раҳбарлари билан учрашди.
Даставвал, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар хусусида сўз юритилди. Фармонда қайд этилганидек, барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда спорт ва соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш бу борада муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан мураббий, спорт мактаби услубчиси ва директори ҳамда шифокор-ҳамширалари биргаликда спорт билан мунтазам шуғулланиш соғлом турмуш тарзининг муҳим омили эканлигини аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришлари даркор.
Наманганда бугунги кунда фаолият юритаётган шаҳар-туман жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, 36 спорт федерацияси, 27 болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг қуйи тизимлар, хусусан, маҳалла ва мактаблар билан етарли ҳамкорлик ўрнатилмаган. Мураббийлар билан жисмоний тарбия ва спорт ўқитувчиларда узвийлик йўқ. Спорт ва соғлом турмуш тарзи тарғиботи меҳнат жамоалари ва маҳаллаларни кенг қамраб ололмаяпти. Жойларла “Саломатлик учун беш минг қадам” тадбирлари сезилмаяти. Натижада “оммавий спорт” тушунчаси кўпинча қоғозларда қолиб кетмоқда.

Вилоятда баскетбол, велоспорт, сув полоси, каратэ каби устувор аҳамиятга эга йўналишларни аниқлаб, уларга биринчи галда эътибор қаратилади. Қолаверса, чим устида ҳоккей, бокс, волейбол спорт турлари бўйича мавжуд имконият ва салоҳиятдан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Келаси йили Токио шаҳрида бўладиган Ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган вилоятнинг тўрт нафар спортчисини муносиб тайёргарлик кўриши учун қулай шарт-шароитларни ҳам ҳозирлаш керак.
Вилоят аҳолисининг кайфиятини белгиловчи асосий омиллардан бири бўлган футбол, хусусан “Навбаҳор” клубини ривожлантириш бўйича стратегия тубдан ўзгаради. Эндиликда, келаси мавсумдан бошлаб вилоят бош жамоаси таркибида фақат маҳаллий, ёш футболчилар тўп суради. Хорижий легионерларга сарфланадиган йирик миқдордаги маблағлар эътибордан четда қолаётган федерациялар ва спорт турлари ривожи учун йўналтирилади.

– Ҳар бир жисмоний тарбия ва спорт бўлими ва спорт мактабининг тақвим жадвали бўлиши керак. Унда қачон ва қаерда мусобақалар ўтказилиши, кимлар жалб этилиши ўз аксини топиши зарур. Шаҳар-туманларда спорт инфратузилмасини янгилаш, югуриш ва велосипед йўлаклари, бадминтон, стритбол, “Workоut” - маҳалла ва кўча фитнеси махсус конструкцияларни йўлга қўямиз, – деди Шавкат Абдураззоқов.
Видеоалоқа тарзида ўтказилган тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этиб, Наманган вилоятини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида пешқадамлар сафида бўлиши учун мунтазам ва узвий ҳамкорликка тайёр эканлигини билдириди.
Вазирнинг маълум қилишича, 2021 йил давомида Наманганда олтита спорт объекти фойдаланишга топширилади. Бунинг учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилади. Тизимда ишлаётган 1052 мураббийнинг 58 фоизи ўрта-махсус маълумотли эканлигидан келиб чиққан ҳолда, ушбу мутахассисларни сиртқи таълим шаклида олий таълим муассасаларида квота асосида таҳсил олишлари таъминланади.
Жонли мулоқот тарзида кечган тадбирда фидойи мураббий Элла Вишнякова томонидан илгари сурилган, вилоятда “Йил жисмоний тарбия ва спорт ўқитувчиси” танловини ташкил этиш ва унинг ғолибларини муносиб тақдирлаш ҳақидаги ташаббус Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА