Рисолат Ҳайдарова ижоди – наср, тарих ва таржима уйғунлиги
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адиба, моҳир таржимон ва публицист Рисолат Ҳайдарова таваллуди муносабати билан адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Тадбир доирасида муаллифнинг «Эрк» ва «Сайланма» китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Унда адабиёт вакиллари, адабиётшунос олимлар, таржимонлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Учрашувда Рисолат Ҳайдарованинг насрий асарлари, ижодий изланишлари, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда халқаро адабий алоқаларни ривожлантириш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди.
Кечада сўзга чиққан ижодкорлар адибанинг адабиётдаги ўрни, насрий асарларининг мавзувий қамрови ва бадиий хусусиятлари ҳақида фикр билдирдилар. Хусусан, насрда ўзига хос услубни шакллантириш, тарихий мавзуларга мурожаат қилиш ва инсон тақдирини бадиий таҳлил этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбирда хорижий адабий ташкилотлар вакилларининг видеотабриклари ҳам намойиш этилди. Татаристон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ркаил Зайдуллин, Беларус Ёзувчилар уюшмаси раиси Алес Карлюкевич, «Бишкек» альманахи бош муҳаррири Жилдиз Ақаева ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Бегижон Аҳмедов ўз табрикларини йўлладилар.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори «Суюмбика» тарихий романи мисолида адибанинг тарихий мавзуларга ёндашуви, асардаги воқеалар ва образлар талқини, тарихий материалнинг бадиий ифодаси хусусида сўз юритди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи эса Рисолат Ҳайдарованинг таржимонлик фаолияти, хорижий адабиёт намуналарини ўзбек тилига ўгириш ва халқаро адабий ҳамкорликдаги иштироки ҳақида тўхталди.
Шунингдек, «Жаҳон адабиёти» ва «Шарқ юлдузи» журналлари бош муҳаррирлари, Бадиий таржима кенгаши, Қозоқ ва Тожик адабиёти кенгашлари вакиллари ҳам адибанинг асарлари, таржимачилик фаолияти ва адабий алоқалар хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Тадбирнинг муҳим қисми янги нашр этилган «Эрк» ва «Сайланма» китоблари тақдимотига бағишланди.
«Эрк» китобидан тарихий мавзудаги ўнта ҳикоя ўрин олган. Уларда озодлик, эрк, халқларнинг тараққиёт ва мустақиллик йўлидаги кураши каби мавзулар ёритилган. Ҳикояларнинг мавзувий қамрови ўзбек халқи тарихи билан чекланмай, туркий халқлар ва жаҳон тарихидаги муҳим воқеаларни ҳам ўз ичига олади. Муаллиф ушбу туркум устида 2024–2026 йиллар давомида иш олиб борган. Китоб «Зукко китобхон» нашриёти томонидан чоп этилган.
«Сайланма» тўпламидан эса адибанинг «Жавзо» тарихий романи ва турли йилларда ёзилган ҳикоялари жой олган. 2011 йилда илк бор нашр этилган «Жавзо» романи муаллифнинг насрдаги дастлабки йирик асарларидан бири бўлиб, ундаги бадиий ёндашув ва муаллиф услуби кейинги ижодий изланишларида ҳам давом этган. Тўпламга киритилган ҳикоялар эса адибанинг турли йиллардаги ижодий тажрибаси ва насрий мавзуларини бир нашрда жамлайди. Китоб «Адабиёт» нашриётида чоп этилган.[gallery-32770]
Рисолат Ҳайдарова 1966 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. 2014 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Адибанинг «Мағрура» (2007), «Карантин» (2020) қиссалари, «Жавзо» (2011), «Суюмбика» (2024) тарихий романлари, «Ғурғуртепада саратон» (2021) ҳикоялар туркуми ва «Себзор» (2023) насрий тўплами нашр этилган. Унинг асарлари Қозоғистон, Болгария, Беларус ва Россиядаги адабий нашрларда ҳам эълон қилинган.
Рисолат Ҳайдарова таржимон сифатида ҳам самарали фаолият юритади. У Иван Бунин, Александр Солженицин, Иво Андрич, Владимир Короткевич, Умар Сайфиддин ва Шарқий Европа адабиётининг бошқа вакиллари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Адабиёт ва маданият соҳасидаги хизматлари учун 2021 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Тадбир якунида Рисолат Ҳайдарова иштирокчиларга билдирилган табриклар ва фикр-мулоҳазалар учун миннатдорлик билдирди.
Адабий учрашув адибанинг насрий ижоди, тарихий мавзуларга мурожаати, таржимонлик фаолияти ва янги китоблари хусусида фикр алмашиш учун майдон бўлди. Тақдим этилган «Эрк» ва «Сайланма» китоблари муаллифнинг турли даврлардаги ижодий изланишлари ва адабий фаолияти билан яқиндан танишиш имконини беради.
Назокат Усмонова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА