Наманганда “Лого марказ” ташкил этилди
Президентимизнинг 2025 йил 27 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилги қутлуғ ой “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтказилмоқда.
Мазкур қарорда эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида, Наманган давлат университети педагогика кафедраси ташаббуси билан таълим тизимида муҳим ўрин тутадиган янги марказ – “Лого марказ” ташкил этилди.

Ушбу марказнинг асосий мақсади – болаларнинг нутқ ривожланишида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг интеллектуал ва маънавий камолотини таъминлашга кўмаклашишдан иборат. Нутқ нуқсонларини бартараф этиш, психик ва жисмоний ривожланишни қўллаб-қувватлаш, педагоглар ва ота-оналарга кўмак ва коррекцион машғулотлар олиб бориш марказнинг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади. Яъни, бу жараёнда чекка ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларининг фанлар бўйича ўқув дастурларини ўзлаштиришларига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш ва уларни бартараф қилишга жиддий эътибор қаратилади.

“Лого марказ”нинг аҳамиятли томони шундаки, у боғча ва мактабларда болаларнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган асосий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Ушбу марказ орқали ўқувчилар ўзларининг нутқ салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятини беради. Бундан ташқари, ота-оналар ва педагоглар ҳам болаларнинг ривожланиши учун зарур бўлган кўникма ва билимларга эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, “Лого марказ” фаолияти нафақат болаларнинг таълимдаги муваффақиятларини оширишга хизмат қилади, балки уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига ҳам замин яратади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА