Наманганда III Халқаро мақом санъати анжумани якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, Наманган шаҳрида UNESCO ва ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган III Халқаро мақом санъати анжумани ўз ишини муваффақиятли якунлади. Тўрт кун давом этган нуфузли маданий анжуманда турли мамлакатлардан келган мақом ижрочилари, санъатшунос олимлар ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди. Анжуман миллий мақом санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, унинг бетакрор анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ижодий ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Анжуман доирасида мақом санъати ижрочилари ўртасидаги халқаро танлов, илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарслари ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Бу эса миллий мақом санъатининг халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрнини яна бир бор намоён этди.
[gallery-30129]
Танлов якунига кўра, энг олий мукофот — Гран-при Наманган вилояти вакили, истеъдодли хонанда Ориф Эргашевга насиб этди. Ғолибга 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.
III Халқаро мақом санъати анжумани миллий мусиқа меросини дунё миқёсида тарғиб этиш, ижодий тажриба алмашиш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим маданий майдон сифатида яна бир бор ўз аҳамиятини намоён қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА