“Чхусок”— анъана, санъат ва дўстлик байрами (+Видео)
Куз келиши билан Корейс халқи ўзининг миллий байрамларидан бирини интиқлик кутади. Бу — Чхусок.
Оила аъзолари бир дастурхон атрофида жам бўлиб, ўтганларни ёд этади, бор неъматга шукр қилади, бир-бирига эзгу тилаклар билдирадиган кун. Корея маданияти ва санъати саройи биносида ташкил этилган “Чхусок-2026” байрами бу йил ҳам ўзгача нишонланди.
Бу ерда кун давомида Корейс халқи анъаналари, миллий санъати ва таомлари намойиш этилди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, дипломатик корпус вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Табриклардан сўнг сарой саҳнасида байрамнинг энг ранг-баранг қисми бошланди. Ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари янгради. Миллий рақслар, бадиий композициялар ва иллюзион чиқишлар намойиш этилди. Томошабинлар учун корейс миллий таомларидан тортиб, анъанавий либослар ва рассомлар асарларигача бўлган турли кўргазмалар ташкил этилди.
Катталар ва болалар эса ижодий мастер-классларда иштирок этиб, корейс маданияти билан янада яқинроқ танишиш имконига эга бўлди. Миллий ўйинлар эса байрамга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Кун якунида ёшлар саҳнага чиқди. “К-поп Данс” танлови доирасидаги чиқишлар айниқса ёш авлоднинг корейс маданияти ва замонавий санъатига қизиқиши юқори эканини кўрсатди.
Бугун Ўзбекистонда 180 мингдан ортиқ корейс миллати вакили истиқомат қилади. Улар ўз миллий тили, маданияти ва анъаналарини асраб келмоқда.
1991 йил 18 июнда ташкил этилган Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси ҳозир мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 22 та марказ ишини мувофиқлаштириб келмоқда.
Чхусокнинг маъноси эса бир кунлик байрам билан чекланмайди. У — оилани қадрлаш, катталарни эъзозлаш, ўтмишни унутмаслик ва борини қадрлаш ғояларини ўзида мужассам этган қадрият.
Шу маънода, Тошкентдаги байрам нафақат корейс халқининг миллий анъаналарини намойиш этди. У турли маданиятлар бир-бирини бойитиб, бир юртда ҳамжиҳат яшаши мумкинлигининг яна бир жонли кўриниши бўлди.
<iframe width="873" height="491" src="https://www.youtube.com/embed/dKVmjgLPzyw" title="“Chxusok”— an’ana, san’at va do‘stlik bayrami" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н. Раҳмонова, А. Аҳмедов (монтаж), ЎзА