Наманганда ҳашар: бирдамлик ва шукроналик самараси
Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саришталик юртимизнинг янада кўркамлашувига замин ҳозирлайди. Бунда элимизнинг асрлар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳар йили Наврўз байрами арафасида айёмни муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида ҳашар ўтказиш яхши анъанага айланган. “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда кечмоқда. Ҳар бир маҳалла, меҳнат жамоасида ўзгача шукуҳ. Кимдир хазонларни супираётир, бошқа бири қўлига кетмон олиб ерни юмшатаяпти, дарахтларга шакл бермоқда. Йўл йўлакай уларга “Ҳорманг!” дея лутф қилганда ҳамюртларимизнинг юзларида ўзаро меҳру оқибат ифори-ю бугунги қутлуғ Рамазон ойи кунларидан шукроналик ва табассумни кўрасиз.
Хайрия ҳашарида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими, вилоят ҳокимлигининг газеталари таҳририятлари алоҳида жонбозлик кўрсатишди. “Наманган ҳақиқати”, “Наманганская правда” ижодий жамоалари ва интернет сайтлари ходимлари ҳамда республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари янгитдан капитал реконструкциядан чиқарилган “Матбуот уйи”нинг атрофи ва ҳовли қисмларида 30га яқин дарахтга шакл бериб, турли чиқиндилардан тозалашди. Файзли масканга янада чирой бағишлайдиган гул кўчатлари ҳам экилди.
[gallery-16460]
Давлатобод туманидаги 28 та маҳалла ҳудудлари, ташкилот, корхона ва муассасаларда ҳам хайрия ҳашари кўтаринкилик билан давом этмоқда. Маҳалла кўчалари, ҳовлилар атрофи, кўпқаватли турар жойлар, болалар майдончаларидан тортиб хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Кўпчиликни бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаётган ҳашарда Наманган вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Экопартия вилоят бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Ҳашарда бинолар атрофлари тозаланиб, чанг ғуборлардан тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, таглари оқланди. Шунингдек, янги гул ва кўчатлар экилмоқда.
Хайрия ҳашарида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги Наманган шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан жойларда эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган кекса ва ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг хонадонларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Барча маҳаллаларда Рамазон ойи ва Наврўз байрами муносабати билан кекса ва ногиронлиги бўлган кишиларга бириктирилган ижтимоий ходимлар томонидан уларнинг хонадонларида ҳашар уюштирилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ мевали дарахт ниҳоллари ўтқазилди.
– Наманган вилоятида уч кунлик хайрия ҳашари мобайнида жами 6 минг 241 гектар ҳудуд ободонлаштирилади, – дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Икромов. – Умумий ҳисобда 1 миллион тупга яқин мевали ва манзарали ниҳол, 1 миллион тупдан ортиқ гул кўчати ўтқазиш, 299 минг гектар томорқа ерларини чопиб, баҳорги экинлар экиш, 683 та қабристон ва 33 та зиёратгоҳни ободонлаштириш режалаштирилган. Қолаверса, улуғ ой шарофати билан икки мингга яқин ногиронлиги бор, бемор кишилар ва якка-ёлғиз яшовчи кексаларни йўқлаб, уларнинг кўнгилларини кўтариш каби эзгу ишлар бажарилади.
<iframe width="928" height="522" src="https://www.youtube.com/embed/_o115yKNSL4" title="Namanganda hashar: birdamlik va shukronalik samarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири