Наманганда чиқиндини қайта ишлаш кластери ташкил этилди
Наманганда чиқиндиларни ташиш ва қайта ишлаш соҳасига хусусий сектор жалб этилади.
Бу ҳақида вилоят марказидаги “Ахсикент” меҳмонхонасида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган республика семинарида маълум қилинди.
Анжуманда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани тубдан ислоҳ қилишда муҳим омил бўлганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мазкур муҳим ҳужжат асосида тизимга давлат-хусусий шериклик лойиҳалари кириб келмоқда. Бу борада Наманган ўзига хос намуна бўлади. Хусусан, маҳаллий аҳолини қийнаб келаётган ва экологик вазият бузилишига сабаб бўлаётган чиқинди полигонини кўчириш масаласи ҳам айнан шу тамойиллар асосида кўриб чиқилади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан тармоқ жозибадорлигини ошириш мақсадида давлат корхоналаридаги махсус техникалар тадбиркорларга 7 йил муддатга пулини бўлиб тўлаш шарти билан берилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда 3 мингга яқин махсус техникалар мавжуд. Кичик бизнес вакиллари учун яна бир имконият шуки, муайян ҳудуд тўлиқ тадбиркорга бириктирилади.
– Бутун дунёда чиқиндини бошқариш тизими хусусий секторда. Хитойнинг энг бой аёли ҳам чиқинди билан шуғулланадиган миллиардер тадбиркор ҳисобланади. Лекин бу бизда давлатга ортиқча юк бўлиб турибди. Мисол учун, кейинги йил бюджетини кўриб чиқяпмиз. Тадбиркорлик субъекти билан шартнома имзолаймиз. Кейинги йилдан давлатдан молиялаштириш тўхтатилади. Барча зарур ускуналарни тадбиркор ўзи сотиб олади. Биз эса бюджетимиздаги 14 миллиард сўм пулни соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларига, ички йўлларга, энг оғриқли муаммоларни ҳал этишга ишлатамиз, – деди Шавкат Абдураззоқов.
Семинарда Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда “Наманган мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамияти ўртасида давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.
Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларини қамраб олувчи иккита давлат хусусий шерикчилик асосида чиқиндини қайта ишлаш кластер лойиҳаси “Наманган мусаффо иқлим” МЧЖ томонидан тендер асосида қўлга киритилган.
Битимга кўра, давлат шериги томонидан 74 та махсус автотраспорт воситаси 7 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан, 2 та чиқинди жойлаштириш полигони маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш инвестиция киритиш шарти билан, 36 та маиший чиқиндини қабул қилиш шохобчаси ва 206 та чиқинди контейнери 10 йил муддатга беғараз фойдаланиш учун тақдим этилади.
Тадбиркор Фахриддин Ибрагимов эса 7 миллион 800 минг доллар сармоя киритмоқда. Ушбу маблағ ҳисобидан 80 та чиқинди ташувчи махсус техника, 2 саралаш ва 2 қайта ишлаш ускунаси, 150 чиқинди контейнери олинади. Шунингдек, 3 чиқиндиларни қайта юклаш станцияси қуриб ишга туширилади.
Битимни амалга ошириш натижасида аҳолини маиший чиқиндиларни ташиш хизмати билан 100 фоиз қамраб олиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 38 фоизга етказишга эришилади. 796 янги иш ўрни яратилади.
Семинарда маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматларини давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этиш бўйича 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган интернетдаги махсус ахборот тизимини жорий этиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.
Кластер томонидан ерости чиқинди ташлаш контейнерлари ҳамда чиқиндини қайта ишлаш ускуналари тақдимоти бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари, эксперт-мутахассислар Наманганда олиб борилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишди.