Наманганда “Адолат сайли”
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида “Адолат сайли” ўтказилди.
65-халқаро гуллар фестивали доирасидаги тадбирларга ҳамоҳанг ушбу сайлда 500 дан зиёд фуқаролар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жамулжам бўлишди.


Тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов “Адолат сайли”нинг фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни миллий қонунчиликдан воқиф қилиш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, ҳуқуқий хизматларни халқимизга янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.


Сайл давомида фуқаролар учун ҳуқуқий маслаҳат майдончалари ташкил этилиб, уларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, Давлат хизматлари марказлари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, нотариат идоралари, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, интеллектуал мулк йўналиши мутахассислари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари томонидан аҳолининг мурожаатлари қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида Давлат архиви, Суд экспертизаси маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан тақдим қилинган кўргазмаларда миллий ҳунармандчилик намуналари, архив ҳужжатлари, экспертиза фаолиятига оид материаллар ва бошқа қизиқарли экспонатлар намойиш этилди.
Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил қилиниб, ташриф буюрувчилар учун кенг имкониятлар яратилди. Сайлнинг фотозонаси эса, меҳмонларнинг севимли масканларидан бирига айланди.

Тадбир давомида аҳолининг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказишга қаратилган “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини, турли ҳуқуқий викториналар ва қизиқарли савол-жавоблар ташкил этилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар вилоят адлия бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Эътиборлиси шундаки, сайил доирасида фуқароларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам бажарилди, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Фозилжон Жўрабоев. – Хусусан, 10 кишига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди, икки шахсга эса фуқаролик паспортлари тантанали равишда берилди. Бу эса тадбирнинг нафақат тарғибот, балки амалий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатди.

Вилоятдаги таниқли санъаткорлар ижросидаги дилрабо тароналар, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА