Наманган тажрибаси ўрганилди
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда унинг таркибидаги ҳудудий жамиятлар раислари ва масъул ходимларидан иборат делегация тажриба алмашиш, ҳудудий тузилмалар фаолиятини ўрганиш ҳамда федерация аъзолигига қабул қилиш жараёнларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Наманганда бўлди.
Меҳмонлар даставвал, Наманган вилояти ҳудудий бирлашмаси фаолияти билан танишиб, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот олди.
Қолаверса, бухороликлар Тўрақўрғон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ушбу жойда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби, истеъмолчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмлари, аъзоликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш тажрибаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Давра суҳбатлари давомида иштирокчилар томонидан амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, ҳудудий бирлашмалар фаолиятида қўлланилаётган илғор тажрибаларни оммалаштириш, аъзолик базасини кенгайтириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, бундай тажриба алмашув ҳудудий тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф чоғида, Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Тўрақўрғон тумани жамиятининг амалий тажрибаси меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА