Наманган шаҳри янада кўркамлашади
Айни кунларда Наманган шаҳрини кесиб ўтган канал ва сойлар қирғоқларини ободонлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан икки йил илгари Жалолиддин Мангуберди кўчаси бўйлаб оқадиган Шимолий Фарғона каналининг бир километр масофадаги қисмида сайилгоҳ барпо этилган эди. Шу кунларда эса мазкур сув йўлининг чап соҳилини ҳам ободонлаштириш бошлаб юборилди.
Ушбу ободонлаштириш тадбири Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 апрелдаги “Наманган вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
[gallery-2887]
Ушбу ҳужжат ижроси учун вилоятга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 30 миллион AҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу маблағнинг ярми шаҳарнинг марказлашган иссиқлик тизимини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтирилади. 10 миллион АҚШ доллари эса Янгиариқ, Шимолий Фарғона каналлари ва Намангансой қирғоқларини ободонлаштиришга сарфланади.
Шунингдек, шаҳарнинг қатор маҳаллаларида ички йўлларнинг эскирган қопламаси янгиланмоқда. Хусусан, Меҳнатобод маҳалласининг Баландариқ кўчасига асфальт ётқизилди, Ғунча маҳалласида эса ичимлик суви ва электр узатиш тармоқларини янгилашга киришилди. Эски қувурлар ва таянчлар алмаштирилгач, маҳаллани шаҳар маркази билан боғлайдиган йўл асфальтланади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА