Нафосат ва маҳорат баҳсларида иқтидорларини намоён этишди
Сирдарё вилоятида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг жисмоний камолоти ва иқтидорини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётган “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари дастури доирасидаги “Вилоят ҳокими олимпиадаси”нинг бадиий гимнастика бўйича баҳслари юқори савияда ташкил этилди.
Вилоят Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлиб ўтган мусобақада шаҳар ва туманлардан саралаб олинган иқтидорли ёш гимнастикачилар иштирок этишиб, ўз маҳоратлари ва тайёргарликларини намоён қилишди. Беллашувлар давомида иштирокчилар бадиий гимнастикага хос нафосат, ҳаракатлар аниқлиги ҳамда мураккаб техник элементларни юқори даражада ижро этиш борасидаги маҳоратларини кўрсатишди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ҳар бир иштирокчи ғалаба учун астойдил курашди. Ёш спортчилар жисмоний тайёргарлиги, саҳна маданияти ва ижодий ёндашуви билан ажралиб турди. Техник жиҳатдан мураккаб машқларнинг маҳорат билан бажарилиши, чиқишлардаги нафислик ва ҳаракатлар уйғунлиги мусобақага ўзгача шукуҳ бағишлади. Бу эса мазкур беллашувларнинг нафақат спорт, балки эстетик тарбия нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён қилди. Энг муҳими, ёш гимнастикачиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати билан бир қаторда томошабинларда ҳам катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотди.
[gallery-29770]
Мусобақа давомида ҳар бир жамоа ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди. Беллашувлар ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Якуний натижаларга кўра, жамоавий баҳсларда вилоят Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ховос тумани спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби вакилларига насиб этган бўлса, Янгиер шаҳар спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ўқувчилари фахрли учинчи ўринни эгаллашди. Шунингдек, яккалик баҳсларида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Бир қарашда бу оддий спорт мусобақасидек туюлиши мумкин. Аслида эса бундай беллашувлар келажак чемпионларини кашф этиш, ёшларнинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларни юксак мақсадлар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Балки бугун гимнастика майдонида маҳорати билан эътибор қозонган қизлар орасида эртанги куннинг халқаро мусобақалар ғолиблари, жаҳон чемпионатлари иштирокчилари ва Олимпия ўйинлари совриндорлари ҳам бордир. Буни эса вақт ва уларнинг келгуси ютуқлари кўрсатади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА