Нафислик ва гўзаллик байрами
Шарқ гавҳари Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали доирасида сартарошлик санъати бўйича стилист-сартарошлар танлови ҳам ўтказилди.
Шарқ гавҳари Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали доирасида сартарошлик санъати бўйича стилист-сартарошлар танлови ҳам ўтказилди. Унда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг ёш, иқтидорли стилист-сартарошлари иштирок этди.
Илгари сартарошлар фақат аҳолига маиший хизмат кўрсатган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг маҳорати анча мукаммаллашган. Сартарошлик энди санъат даражасида шаклланмоқда.
Фестиваль доирасида ташкил этилган танлов ушбу касб эгалари ва мода ихлосмандларининг байрамига айланди. Тадбирнинг шоу қисмини Ўзбекистон Республикаси Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуродов ва мутасадди раҳбарлар кириш сўзи билан очиб берди.

– Мамлакатимизда мода саноатининг ривожланаётгани кун сайин иқтидорли стилист ва уста сартарошлар, визажистларни кашф этаётир, – дейди Ф.Шомуродов. – Айниқса, улар томонидан яратилаётган янги кўринишдаги модерн услуби билан бир қаторда миллатимизга хос бўлган миллий услуб ўзига хосдир.
– Яратган образларим асосан қадимий урф-одатларимизга уйғун ҳолдаги замонавий услубдир, – дейди Урганч шаҳридаги “ЖААДИ” гўзаллик салони стилисти Камила Каримова. – “Чўгирма”, “Калта минор”, “Гужум”, “Осилдирма лачак” каби образлар шулар жумласидандир. Танловда иштирок этиб, ўз маҳоратимни янада оширдим.

Саҳнага бирин-кетин чиқиб келаётган моделларни кўриб, чекка туман ва шаҳарларимизда ҳам мода саноати жадал ривожланаётганига гувоҳ бўласиз. Моҳирлик ва дид билан яратилган ҳар бир образ нафақат маҳаллий балки хорижлик меҳмонларни ҳам лол қолдирди.
– Ҳозир стилистлар шоусини кўриб ҳайратдаман¸ – дейди австралиялик сайёҳ Жуой Берри Аделэйд. – Европа ва бошқа мамлакатларда, ҳатто, халқаро мода фестивалларидан ҳам аъло даражада тайёрланган образларни, маҳоратли дизайнер ва стилистларнинг санъат намуналарини кузатдим. Таассуротларим зўр.
Танлов якунида барча иштирокчилар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.