Нафис шеъриятнинг камтарин маликаси
Қўлига қалам тутган ижодкор аёл-қизларнинг аксарияти адиба, журналист, публицист, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиевани ўзига устоз, мураббий, муаллим, деб билади.
Фарзандига Ойдин деб исм қўйган ҳамюртларимиз борки, аксарияти устоз шоиранинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти, жонкуярлиги, ширинсуханлиги, эзгуликка хайрихоҳлигига ҳавас қилиб, қизларига шундай гўзал исмни қўйган.
Ойдин опа миллий адабиётимизга ўзларининг бетакрор овози, нафис, ғоят гўзал шеърияти билан кириб келган.
Халқимизнинг ардоқли шоираси Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида туғилган.
Тошкент Давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олган.
Ойдин опанинг илк шеърий китоби – «Шабнам» номи билан 1971 йилда нашр этилган. Кейинчалик устоз шоиранинг «Манзиллар» (1971), «Онам севган қўшиқ» (1972), «Орзу гули» (1974), «Тароват» (1976), «Достонлар» (1980), «Мушфиқ онажон», «Хушхабар» (1983), «Чашмаларни излайман» (1986), «Тамал тоши» (1988), «Ишонч юлдузлари» (1989), «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби асарлари китобхонларга тақдим этилди.
Устоз шоира кўп йиллар давомида “Гулхан”, “Саодат”, “Гулчеҳралар” каби босма нашрларда бош муҳаррир вазифасида самарали меҳнат қилди. Болалар адабиётини ривожлантириш, ижтимоий кўмакка муҳтож болалар, хотин-қизларга кўмак қўлини узатиш, мактаб таълимига оид муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, аёлларнинг дарду ташвишларини, қийинчиликларини матбуотга олиб чиқиш, уларнинг самарали ечим топишига ёрдам бериш Ойдин Ҳожиева фаолиятида устувор ўрин эгаллаган эди.
Адолатсизликларга муросасиз бўлиш, хушмуомалалик, ўзбекона одоб ва ҳаё, андиша, меҳнатсеварлик, қийинчиликларга тик қараш ва уларни мардонавор енгиб ўтиш, ўз касбига, халқига, Ватанига чексиз садоқат, қатъий тартиб ва интизом, меҳрибонлик ва меҳридарёлик Ойдин опанинг ўрнак олишга арзигулик фазилатларидан эди.
Истиқлол йилларида устоз шоира Ойдин Ҳожиеванинг миллий адабиётимизга қўшган хизматлари юксак қадрланиб, “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Устознинг Ватанга, халққа садоқат билан хизмат қилиш, камтарлик, инсонийлик, меҳрибонлик ва саховатпешалик каби фазилатлари бугун ҳам ибрат мактабидир.
Н.Усмонова, ЎзА