Нафас Шодмонов ижоди эътироф этилди
Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Нафас Шодмоновнинг “Ватан – сарманзили саодатимдир!” деб номланган ижодий кечаси бўлиб ўтди.
Унда таниқли ижодкорлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ижодий кечада Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Тўраев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессорлари Н.Жабборов, У.Жўрақулов, Муқимий номидаги академик мусиқали драма театри бош режиссёри Д.Ҳақбердиев ва бошқалар қаҳрамонинг илмий, адабий, драматурглик фаолияти, умр йўли, чин инсоний фазилатлари ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг Н.Шодмоновнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида видеолавҳа намойиш этилиб, шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир давомида вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан ижодкор қаламига мансуб “Абу Муин Насафий”, “Оқсарой” ва “Қобил ила Ҳобил” асарлари асосида саҳналаштирган спектакллардан парчалар намойиш этилди.

Айниқса, ижодий кеча меҳмонларидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби Турғун Бекназаров, “Маданият ва санъат фидокорлари” кўкрак нишони соҳиблари Нурбек Маматов ҳамда Гуласал Раҳмонованинг “Бахши” мусиқали драмасидан кичик кўринишларни маҳорат билан ижро этганликлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири