Музейшунослик соҳасида навбатдаги ҳамкорлик
Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори, санъатшунослик фанлари доктори Тигран Мкртычев билан институтнинг Музейшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугун юртимизда санъат ва маданият, хусусан, бадиий таълим ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самараси ўлароқ, ушбу соҳанинг таркибий қисми бўлмиш музейшунослик соҳаси ва музейларда ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этар экан, музейларда сақланаётган бой маданий меросни ўрганиш ва тадқиқ қилиш долзарб аҳамиятга эга эканлигини, бу юртимиз санъати ва маданияти ривожига кўплаб ижобий янгиликларни тақдим этишини таъкидлади.
Учрашув давомида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, музей илмий фаолиятини ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, талабаларнинг ўқув амалиётларини ушбу музейда ўтказишларини таъминлаш, институт профессор-ўқитувчиларини музей ходимлари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтишларини ташкил этиш ва бошқа бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилинди.
Маълумки, «Саҳродаги Лувр» мақомига эга бўлган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи Республикамиздаги энг йирик музейлардан ҳисобланади.
Музей халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920—30 йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий рангтасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, ноёб кутубхонага, фонд ҳамда таъмирлаш устахонасига энг муҳими юқори малакали кадрларга эга. Бугунги кунда музей фондида 100 минга яқин санъат асарлари жамланган.
Тигран Мкртычев юртимизнинг санъати ва маданияти жуда ҳам қадим тарихга эга эканлиги, бугунги кунда дунёнинг деярли барча машҳур музейларида юртимиз тарихига доир нодир буюмлар сақланаётганини таъкидлар экан хусусан, И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳам кўплаб нодир асарлар сақланишини, уларни халқимизга янада яқинроқ таништириш лозимлиги, бунинг учун эса ушбу ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, у институт ҳаёти хусусан, Музейшунослик кафедрасининг фаолияти билан ҳам қизиқди.
Айтиш ўринлики, бугунги кунда Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик кафедрасининг филиаллари фаолият кўрсатаётган бўлиб, талабаларга «Экскурцияшунослик», «Музей интерьерини лойиҳалаш», «Музей иши асослари», «Фотография» каби фанлар музей экспозицияси ва фонд заҳирахоналарида амалий машғулот сифатида ўтилмоқда.
Кафедра профессор-ўқитувчилари педагогик фаолият билан биргаликда амалиётда ҳам фаол бўлиб, юртимиздаги кўплаб музейлар фаолиятида бевосита ҳамда билвосита иштирок этиб келишмоқда. Шу қаторда, кафедрада бугунги кунда соҳанинг етакчи мутахассислари ташқи ўриндошлик асосида фаолият юритиб, бўлажак кадрларга соҳа сир-асрорларинидан сабоқ бериб келишмоқда. Кафедранинг илмий салоҳияти эса 52,9%ни ташкил этaди.
Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб музейларда ушбу йўналишда таълим олган мутахассислар фаолият бориб, ушбу музейлар концепциясини яратиш, тарихий буюмларни асраш, уларни рестоврация қилиш, экспонатларни тарихини ўрганиш, музей фондларини бойитиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириб келишмоқда.
Учрашув якунида институт ҳамда музей ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди.
Унга кўра биргаликда қўшма лойиҳалар яратиш ва амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини инновацион асосда миллий иқтисодий ислоҳотлар амалиётига татбиқ этиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш, долзарб муаммоли мавзулар бўйича илмий ишлар тайёрлаш ва нашр этиш, семинар ва конференциялар ташкил этиш, инновацион маҳсулотни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича биргаликда фаолият юритиш ҳамда инновацион гуруҳлар шакллантириш, институт педагог ходимлари, таянч докторантура ва мустақил изланувчиларнинг стажировкасини ҳамда бакалавриат ва магистратурада таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини музейда ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида музейда фаолият олиб бораётган етакчи ходимларни ўқув жараёнига жалб этиш каби бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Албатта, ушбу ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши музейшунос кадрларни тайёрлаш назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, хусусан музей реставрация лабораториясидаги жараёнлар билан яқиндан танишиш, музей фонд заҳирахонасига оид ҳужжатлар билан ишлаш, экспозиция яратиш жараёнларини ўрганиш, шу билан бирга музей ходимларини илмий фаолиятга йўналтириш, таълим тизимида соҳага кириб келаётган ислоҳотлар билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, санъат aсарларини музейлар фондига тўплаш, консервация ва реставрация қилиш, уларни томошабинга намойиш этиш масаласи музей ходимларидан улкан назарий ва амалий кўникмаларни талаб этади.