Музейлар ҳафталиги муваффақиятли ўтди
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Музейлар ҳафталиги ўтказилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган мазкур ижодий-маърифий лойиҳадан кўзланган асосий мақсад юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларни музейларимиз билан кенгроқ таништириш, уларда ўзи туғилиб ўсган заминга муҳаббат,фаол фуқаролик позициясини шакллантиришдан иборат бўлди. Айни пайтда мазкур ҳафталик музейшуносликка оид иш тажрибасини атрофлича таҳлил этиш, келгусидаги вазифаларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
Ҳафталик доирасида халқимиз, айниқса, ёшлар мамлакатимиздаги музейлар, очиқ осмон остидаги мозийгоҳлар, музей-қўриқхоналар фаолияти, улардаги нодир экспонатлар билан батафсил танишиш имконига эга бўлди. Айни пайтда турли кўргазмали маҳорат дарслари, ижодий мулоқотлар, музейшуносликка оид давра суҳбатлари ёш авлоднинг билим доирасини янада кенгайтириш, бойитиш имконини берди.
Н.Усмонова, ЎзА