Музейлар ҳафталиги доирасида маърифий тадбирлар ўтказилмоқда
Мамлакатимизда “Музейлар ҳафталиги” доирасида турли маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида “Миллий меросга менинг ҳиссам” акцияси, ноёб заргарлик буюмлари ва миллий қўғирчоқлардан иборат янги экспозиция, шунингдек, бир қатор маърифий тадбирлар ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбирларда музей ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, санъат ва маданият соҳаси мутахассислари ҳамда меҳмонлар иштирок этди.
Янги экспозициядан XIX–XX асрларга оид 37 та заргарлик буюми ҳамда 26 та миллий қўғирчоқ намунаси ўрин олган.
Мазкур ноёб коллекция “Тикланиш” илмий-маданий лойиҳаси муаллифи, Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъатининг ноёб антиквар намуналари коллекцияси асосчиси Фахриддин Абдужабборов томонидан музей фондига топширилди.

Экспозициянинг бир қисми музейнинг “Темурий маликалар” залида намойиш этилмоқда. Тақинчоқларда аждодларимизнинг юксак бадиий диди, заргарлик санъатининг анъанавий усуллари ва нафис безак маданияти ўз ифодасини топган. Миллий қўғирчоқлар эса халқимизнинг анъанавий кийиниш маданияти, урф-одатлари ва миллий образларини намоён этади.
Тадбир давомида иштирокчиларга экспозициянинг мазмун-моҳияти, намойиш этилаётган экспонатларнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Мазкур экспозициянинг ташкил этилиши халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
“Хаттотлик — миллий қадриятимиз”
Музейда ташкил этилган “Хаттотлик — миллий қадриятимиз” мавзусидаги маҳорат дарси ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбир Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ўтказилди.

Маҳорат дарсини Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси ўқитувчиси Авазбек Қодиров олиб борди. Амалий машғулот жараёнида иштирокчилар хаттотлик санъатининг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишиб, устознинг амалий кўрсатмалари асосида ёзув намуналарини бажариш имкониятига эга бўлдилар.

Хаттотлик санъати асрлар давомида аждодларимизнинг илмий, маънавий ва бадиий меросини авлоддан авлодга етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилган. Шу боис мазкур санъатни ўрганиш ва тарғиб этиш миллий маданий меросимизни асраб-авайлашнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, хаттотлик санъати бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашди.
“Буюк Темурийлар — Янги Ўзбекистон маънавияти кўзгусида”
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Темурийлар тарихи давлат музейида “Буюк Темурийлар — Янги Ўзбекистон маънавияти кўзгусида” номли китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Кўргазмадан Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи, давлатчилиги, илм-фани, маданияти ва маънавий меросига бағишланган илмий, тарихий, бадиий ҳамда маърифий нашрлар ўрин олди.
Тадбир доирасида ташриф буюрувчиларга Темурийлар даврининг бой тарихий ва маънавий меросини акс эттирувчи нашрлар ҳақида маълумот берилди.

Мазкур кўргазма буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг миллий тарихга қизиқишини ошириш ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА