Маданият вазири Озодбек Назарбеков "Биринчи қўнғироқ" тадбирига борди
Бугун, 2 сентябрь куни юртимиз бўйлаб барча умумтаълим муассасаларида янги — 2026/2027 ўқув йили бошланди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги байрами билан уйғун равишда кечаётган бугунги кун мамлакатимиздаги миллионлаб ўқувчилар, устоз ва мураббийлар, ота-оналар учун алоҳида қувонч ва ҳаяжонга бой бўлди. Айниқса, илк бор мактаб остонасига қадам қўяётган болажонлар учун бу кун унутилмас воқеага айланмоқда.
Жорий ўқув йилида 795 минг нафардан ортиқ биринчи синф ўқувчиси мактабга қабул қилиниб, уларнинг ҳар бири янги билимлар оламига йўл олмоқда. Қалбида орзу-умидлар, кўзларида қувонч ва ҳаяжон билан мактабга келган болажонлар учун янги ўқув йили ҳаётидаги муҳим босқичларнинг бошланиши бўлади.

Шу муносабат билан маданият вазири Озодбек Назарбеков пойтахтдаги 202-умумтаълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилини бошлаётган ўқувчилар, устозлар ва ота-оналар билан учрашди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги янги ўқув йилига ўзгача кўтаринкилик бағишлаб, қалбларга ғурур ва юксак руҳ бахш этди.

Мактабдаги самимий учрашув давомида вазир Озодбек Назарбеков болажонларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларга билим олиш, янги дўстлар орттириш ва мактаб ҳаётида фаол иштирок этишларида омад тилади.
Тадбирда мактаб остонасига илк бор қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тўпламлари ҳам топширилди. Мазкур совғалар болажонларнинг янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлашларига янада кучли туртки берди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш авлод учун муносиб таълим шароитларини яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
2026/2027 ўқув йилида мамлакатимиздаги мавжуд 10 225 та умумтаълим мактабида 550 минг нафардан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллион нафардан зиёд ўқувчига таълим-тарбия беради.

Янги ўқув йилининг илк куни юртимизнинг барча ҳудудларида байрамона руҳда ўтмоқда. Мактабларда «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари, тантанали учрашувлар ва турли маърифий дастурлар ташкил этилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар биримиз, касбу коримиздан, вазифаю мартабамиздан қатъи назар, барчамиз энг аввало, мактабда таълим олганмиз. Бу табаррук остонадан олган билимларимиз умр бўйи йўлларимизни мунаввар этмоқда, бизларга маърифатнинг беминнат машъаласи сифатида асқатмоқда.

2026/2027 ўқув йилининг илк куни мамлакатимизда кўтаринки ва байрамона руҳда бошланди. Бу кун, айниқса, мактаб остонасига биринчи бор қадам қўйган минглаб болажонлар ҳаётида янги даврнинг бошланиши бўлди. Янги ўқув йили билан бирга мактабларда янги мақсадлар, янги режалар ва янги интилишларга бой таълим жараёни ҳам старт олди. Бугунги тантаналар эса таълимнинг нафақат билим бериш, балки жамият келажагини шакллантиришдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этди. Шу маънода, янги ўқув йили мамлакатимиз таълим тизими ҳаётида яна бир муҳим босқич сифатида бошланди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири