Музаффарбек Тўрабоев Осиё ўйинларида тенгсиз
Осиё ўйинларининг бугунги дастуридан ўрин олган дзюдо бўйича сўнгги ҳал қилувчи баҳслар ўтказилди.
Жумладан, эркаклар ўртасида +100 килограмм вазн тоифасида ўтган финал беллашувида ҳамюртимиз Музаффарбек Тўрабоев мезбонлар вакили Хёга Отага қарши татамига чиқди. Мазкур беллашувда полвонимиз рақибини иппон билан мағлуб этди ва олтин медалга эга чиқди.
Айни дамда делегациямиз медаллари 62 тага етди. Уларнинг 19 таси олтин, 21 таси кумуш ва 22 таси бронза бўлиб, умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА