Мутахассислар “сифатсиз гўшт» муаммосини ўрганди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари томонидан «Зарафшон» газетаси сайтида 2021 йил 7 июнида берилган «Ургутда ҳамон сифатсиз гўшт сотилмоқда, мутасаддилар эса мум «тишлаб» ўтирибди» сарлавҳали мақолада акс этган муаммолар жойига бориб ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида мақолада акс этган муаммолар мавжудлиги, тумандаги «Деҳқонобод» бозорига беркитилган ветеринария врачи З. Муродиллаев иш фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйгани аниқланди.
Ишчи гуруҳ хулосаси асосида хизмат фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун З. Муродиллаев эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Шунингдек, қўмита мутахассислари томонидан гўшт-сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида тегишли ветеринария санитария қоидаларига риоя этилиши бўйича тадбиркор, сотувчи ва харидорларга тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати