Сўз, ижод ва эътироф уйғунлиги
Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ҳамда вилоят Миллий гвардияси бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар, соҳа вакиллари ҳамда ёш қалам аҳли иштирок этди.
Тадбирда мустақилликнинг мамлакатимиз ҳаётидаги беқиёс аҳамияти, унинг халқимизга берган имкониятлари, юртимизда қарор топган тинчлик ва осойишталик, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди. Истиқлол йилларида миллий адабиёт ва журналистика соҳаларида юзага келган янги имкониятлар, ижод аҳлининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни хусусида ҳам мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Норинисо Қосмованинг таъкидлашича, бундай учрашувлар ижодкорларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, айниқса, ёш қаламкашларнинг дунёқараши ва ижодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
— Бугунги тадбир мустақилликнинг мазмун-моҳиятини яна бир бор англаш, унинг бизга берган имкониятларини қадрлаш ва ёш авлод қалбида Ватанга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Журналист ва ижодкорларнинг бир даврада жам бўлиб, юртимиздаги янгиланишлар, тинчлик ва осойишталик ҳақида фикр алмашиши, ижод намуналарини тақдим этиши маънавий муҳитни янада бойитади. Айниқса, ёш ижодкорларнинг катта ҳаётий ва ижодий тажрибага эга қалам аҳли билан мулоқоти улар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди, — дейди Норинисо Қосмова.
[gallery-31063]
Учрашув давомида шоирлар Ватан, истиқлол, озодлик ва юртга муҳаббат мавзуларидаги шеърларини ўқиб эшиттирди. Бадиий чиқишлар тадбирга ўзига хос руҳ бағишлаб, унинг мазмунан янада ранг-баранг ўтишига туртки берди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси сафига янги аъзоларни қабул қилиш маросими ҳам ўтказилди. Хуршида Нишонова, Бекзод Мавлонов, Ғанишер Иброҳимов, Мустафо Бойэшонов ва Ойбек Намозов уюшма аъзолигига қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Янги аъзолар учун ушбу эътироф касбий фаолиятдаги янги босқични англатади. Чунки журналистнинг жамиятдаги ўрни нафақат ахборот етказиш, балки воқеа-ҳодисалар моҳиятини холис таҳлил қилиш, одамларни ўйлантирадиган масалаларни кун тартибига олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш билан ҳам белгиланади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова янги аъзолар зиммасидаги масъулият хусусида тўхталар экан, уларга билдирилган ишончни муносиб оқлаш муҳимлигини таъкидлади.
— Журналистлар уюшмаси сафига янги ижодкорларни қабул қилиш — уларнинг меҳнати ва салоҳиятига берилган эътироф билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди. Уюшма аъзоси сифатида улардан холислик, ҳаққонийлик ва касб этикасига қатъий амал қилиш, жамиятдаги долзарб масалаларни чуқур ўрганиш, инсон манфаати ва жамоатчилик эҳтиёжини журналистик материалларнинг марказига қўйиш талаб этилади. Айниқса, ёш журналистлар замонавий ахборот технологиялари ва медиа воситаларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, таҳлилий фикрлаш, мустақил ёндашув ва сўз масъулиятини ҳам шакллантириб бориши зарур. Зеро, журналист қалами орқали жамиятдаги муҳим жараёнларга муносабат шаклланади, — дейди Дилором Исмадиёрова.
Учрашувда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, тажрибали журналист ва адиблар билан ижодий мулоқотини кенгайтириш борасида ҳам фикрлар билдирилди. Бу каби мулоқотлар ёшларнинг изланиши, янги мавзуларга мурожаат қилиши ва ўз ижодий услубини шакллантиришларига замин яратади.
«Мустақиллик шукуҳи» тадбири ижод ва журналистика аҳлини бирлаштирган маънавий мулоқот майдонига айланди. Унда истиқлол қадри, Ватанга садоқат, ижодкор масъулияти ва ёш авлоднинг келажаги каби муҳим мавзулар уйғунлашди.
Янги аъзоларнинг Журналистлар уюшмаси сафига қўшилиши эса Сирдарёда журналистика ва ижод соҳасида янги авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА