Мустақиллик шукуҳи: меҳнат ва спорт уйғунлигидаги эътироф
Мустақилликнинг 35 йиллиги юртимизда тараққиётга муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг фидойилигини эътироф этиш ва жамоаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар билан кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ марказий аппаратида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди. Унда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимларни рағбатлантириш билан бир қаторда, жамоа аъзолари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Тадбирда газ таъминоти соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, касбий маҳорати ва фидойилиги билан алоҳида ажралиб турган бир гуруҳ мутахассислар мазкур ташкилот ҳамда Энергетика вазирлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Фахрий ёрлиқларни мазкур ташкилот бошқаруви раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиев тантанали равишда топширди.

Тадбирда таъкидланганидек, газ таъминоти тизимининг барқарор фаолияти ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишда эришилаётган натижалар, аввало, ўз вазифасига масъулият билан ёндашаётган малакали мутахассислар меҳнати билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ўз тажрибаси ва салоҳияти билан тизим ривожига ҳисса қўшаётган ходимларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади.
–Бугун тақдирланган ходимларимиз ўз меҳнати, тажрибаси ва касбий салоҳияти билан газ таъминоти тизимининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг кўп йиллик самарали фаолияти, масъулияти ва фидойилиги, шубҳасиз, эътирофга лойиқ. Бундай инсонларнинг меҳнатини қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш жамоада янги марраларга интилиш учун муҳим рағбат бўлади.
Айни пайтда соҳа тараққиёти фақат замонавий технология ва янги ёндашувлар билан эмас, балки малакали ва ташаббускор кадрлар салоҳияти билан ҳам белгиланади. Шунинг учун ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва жамоада соғлом муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Бугунги тадбир доирасида спорт мусобақаларининг ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Бундай беллашувлар ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан баробарида, ҳамкасблар ўртасида дўстона муносабат ва жамоавий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, меҳнатда ҳам, спортда ҳам ўзини намоён этиш учун ходимларга рағбат ва имконият яратади, – деди Т.Турдиев.
Шунингдек, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан марказий аппарат ходимлари ўртасида стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди.
Қизғин ва дўстона руҳда кечган беллашувларда иштирокчилар ўз маҳоратларини намойиш этди. Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА