Мустақиллик байрами янги уйларда нишонланмоқда
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шукуҳи кезаётган кунларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Қапчуғай” маҳалла фуқаролар йиғинида 12 та 4-5 қаватли замонавий турар-жой бинолар фойдаланишга топширилди. Аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган ушбу уйларда 340 хонадон мавжуд.
Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлашга муҳим эътибор қаратилаётган бўлиб, шаҳар ва туманларда кўплаб кўп квартирали уйлар бунёд этиляпти. Уй -жойга мухтож эҳтиёжманд ва ёш оилалар учун субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Хусусан, Қапчуғай маҳалласидаги янги массив бугун бунёдорлик масканига айланган бўлиб, ҳар йили ўнлаб уйлар қурилмоқда.
Очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман аҳолисини Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан қутлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида сўнгги йилларда олиб борилаётган улкан ишларга тўхталди.
-Бугун Олтиариқда катта байрам, сабаби 12 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топшириляпти-деди вилоят раҳбари.-Аслини олганда 5 йил олдин бу каби уйлар қурилишини тасаввур қилиб бўлмасди. Бу уйларнинг қурилиши яқинда, 6-8 ой аввал бошланган эди. Қисқа муддатда мана шундай чароғон мавзеъ барпо этилиб, Ўзбекистон Мустақиллиги 30 йиллиги кўчаси деб номланиб, бугун мана шундай шинам хонадонлар битказиб берилгани ҳам Президентимизнинг халқчил ислоҳотлари натижасидир. Жорий йилнинг ўзида вилоятимиз бўйича 292 та, 7500 хонадондан иборат кўп қаватли уйларни қуряпмиз. Биргина мисол, Бағдод тажрибаси республикага ёйилди. Бағдод тумани ташкил қилингандан буён 49 та 2-3-4 қаватли уйлар қурилган бўлса, бугун битта “Мурувват” маҳалласида 61 та уй қурилмоқда. Бугун халқимизда бу каби замонавий, шинам уйларга катта эҳтиёж бор. Ҳозирда 4-5 қаватли уйлар қураётган бўлсак яқин келажакда, 2-3 йил ичида ҳатто қишлоқларда ҳам 7-9, 10-16 қаватли уйлар қурилади. Замон шуни талаб қиляпти. Биринчи мақсад – аҳолимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўлса, иккинчиси бу уйларнинг ҳар бирини қуришда камида 70-80 нафар одам иш билан банд бўляпди дегани. Ушбу 12 та уйни қурилишида камида 1000 та одам иш билан таъминланди. Энг қувонарлиси, бу каби қурилишлар давом этяпти. Олтиариқ туманининг ўзида яна 22 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бормоқда. Ушбу уйлар – олтиариқлик қурувчиларнинг Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйига туҳфаси. Ният қиламизки, ушбу хонадонларда ўсадиган фарзандлар юртимизга садоқат билан, фидойилик билан хизмат қиладиган, забардаст, комил инсонлар бўлиб етишади.
Тантанали тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг вилоят раҳбари хонадонларда бўлиб, янги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Янги уйлар, унда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Хонадон эгалари ҳам давлат раҳбарининг ғамхўрлиги натижаси ўлароқ шундай шинам, барча қулайликлар яратилган уйларга кўчиб киришганликлари Мустақиллик байрамининг 30 йиллигига муносиб тўёна бўлганлигини алоҳида қувонч билан айтиб ўтишди.
Янги уй тўйлари катта шодиёнага айланди. Тантанали тадбир давомида тумандаги “Аёллар дафтари” га киритилган 260 нафар хотин-қизлар ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи 220 нафар ёшларнинг ўз-ўзини банд қилишини таъминлаш мақсадида велосипед, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш аппарати, тикув машинаси ва электр печлар топширилди. Шунингдек, тадбир доирасида Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи 33 та кам таъминланган оила фарзандлари учун суннат тўйлари ҳам ўтказилди.
[gallery-3643]
М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА