Мустақиллик байрами катта хурсандчилик ва шодиёна билан нишонланди
Гулистон шаҳридаги ёзги амфитеатрда энг улуғ ва энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги катта хурсандчилик ва шодиёналик билан нишонланди.
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ўтказилган Сирдарё вилоятининг асосий байрам тадбири минглаб юртдошларни бир майдонда жамлади. Тантанада истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, бугунги янгиланишлар ва келгусидаги эзгу мақсадлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокчиларни, вилоят аҳолиси ва меҳмонларни Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, 35 йил тарих учун қисқа давр бўлса-да, шу йиллар мамлакатимиз ҳаётида туб ўзгаришлар ва янгиланишлар даври бўлди. Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини тиклаш, тили, дини ва ўзлигини эркин намоён этиш имконини берди.
— Мустақилликнинг энг катта қадри, аввало, инсон ҳаётида намоён бўлади. Одамнинг уйида тинчлик бўлса, фарзанди соғлом бўлса, иши ва даромади бўлса, фарзанди яхши таълим олса, маҳалласи обод бўлса — мустақилликнинг инсон ҳаётидаги ҳақиқий маъноси ана шунда, — деди вилоят ҳокими.
Бугун Сирдарёнинг қиёфаси ҳам изчил янгиланиб бормоқда. Вилоятда янги корхоналар ташкил этилмоқда, иш ўринлари яратилмоқда, шаҳар ва туманларда замонавий уй-жойлар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда тиббиёт объектлари барпо этилмоқда. Йўллар таъмирланиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари модернизация қилинмоқда.
Вилоят иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Кейинги йилларда хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 550 та лойиҳа амалга оширилди. Яқинда Гулистон шаҳрида ўтказилган «Сирдарёда бизнес қилинг» халқаро инвестиция форуми вилоятнинг инвестициявий салоҳиятига қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатди. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан 300 нафардан зиёд хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркор иштирок этди. Форум якунида умумий қиймати 1 миллиард долларлик 44 та келишувга эришилди.
Эндиликда асосий вазифа — мазкур келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва аҳоли учун муносиб иш ўринлари яратиш.
— Сирдарё вилояти учун инвестициянинг қиймати фақат маблағ миқдори билан эмас, одамларга яратилаётган имконият билан белгиланади. Янги корхона — янги иш ўрни, янги иш ўрни — оила учун янги даромад, янги даромад эса инсоннинг янги кунга ишончидир. Бугун иқтисодиётда ҳам янги давр бошланмоқда. Энди бизга фақат ишчи эмас, билимли, замонавий технологияларни биладиган ва янги касбларни эгаллаган мутахассислар керак, — деди Эркинжон Турдимов.
Дунёда технологиялар жадал ривожланиб, янги касб ва мутахассисликларга эҳтиёж ортиб бораётгани таълим соҳаси олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис вилоятда ёшларга замонавий билим ва касб бериш, уларнинг хорижий тиллар ҳамда рақамли технологияларни пухта эгаллаши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги икки йилда вилоятда 92 та мактаб ва 68 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Бугун сирдарёлик ёшлар халқаро фан олимпиадалари, танлов ва фестивалларда муносиб натижаларни қўлга киритишмоқда. Бу ютуқларда уларга билим ва тарбия бераётган устоз ва мураббийларнинг меҳнати ҳам муҳим ўрин тутади.
Инсон фаровонлиги унинг кундалик ҳаётидаги шароитлар билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, замонавий уй-жойлар барпо этиш ва маҳаллаларни обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг ўзида вилоятда 76 та кўп қаватли уйда 3200 та хонадон қурилиб, ўз эгаларига топширилиши режалаштирилган. Йўл муаммоларини ҳал этиш мақсадида 288 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари ва 167 километр ички йўлларга асфальт ётқизилди.
Давлат дастурлари доирасида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш учун 365 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 240 километр тармоқ ва 38 та иншоот барпо этилмоқда. Жумладан, Мирзаобод туманининг Йўлдошобод ва Баҳористон маҳаллаларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 16,2 километр ичимлик суви тармоқлари ва сув иншооти қурилмоқда. Гулистон шаҳри ва Сирдарё туманида 197 километр оқова сув тармоқлари, 22 та оқова сув ҳайдаш иншооти ҳамда 1 та оқова сув тозалаш иншооти қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланмоқда.
Ушбу лойиҳалар натижасида 83 та маҳаллада 380 мингдан зиёд аҳолининг турмуш шароити яхшиланади.
Тадбирда ҳали олдинда турган вазифалар кўплиги ҳам таъкидланди. Қайси маҳаллада муаммо борлигини билиш, қайси оилага ёрдам зарурлигини аниқлаш, қайси кўчага йўл кераклигини эшитиш ва мурожаатларни амалий ҳал этиш бугунги куннинг муҳим талабларидан экани қайд этилди.
[gallery-31172]
— Қайси маҳаллада муаммо бор — билишимиз керак. Қайси оилага ёрдам керак — кўришимиз керак. Қайси кўчага йўл керак — эшитишимиз керак. Энг муҳими, одамлар билан гаплашишнинг ўзи эмас, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилиш керак, — деди вилоят ҳокими.
Қувонарлиси, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан юртдошлар меҳнати ҳам муносиб эътироф этилди.
Президент фармонига мувофиқ, вилоятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган 18 нафар сирдарёлик орден ва медаллар билан тақдирланди. Шунингдек, 948 нафар юртдошимизга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги эсдалик нишонлари топширилди.
Мукофотланганлар орасида таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва жамоатчилик соҳалари вакиллари ҳам бор.
Давлат мукофоти юртдошларимиз меҳнатига берилган юксак баҳо билан бирга, улар зиммасига янги масъулият юклайди. Зеро, юрт тараққиёти ҳар бир инсоннинг ўз касбига садоқати, ҳалол меҳнати ва ташаббуси билан чамбарчас боғлиқ.
Байрам тантанасида истиқлол йилларида эришилган натижалар билан бир қаторда, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга ҳам эътибор қаратилди.
— 35 йиллик йўлга назар ташласак, фахрланамиз. Бугунги байрам ўтган йўлимизни сарҳисоб қилиш эмас, эртанги кунга янги ният ва ишонч билан қадам қўйиш кунидир. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, биз бугун кечагидан кучлимиз, насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз, — деди Эркинжон Турдимов.
Бугун Сирдарёликлар олдида вилоятни янада обод ва фаровон қилиш, инвестиция ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, ёшларга сифатли ва замонавий таълим бериш, аҳоли даромадларини ошириш каби муҳим вазифалар турибди.
Энг муҳими, ҳар бир инсон ўзини шу юртнинг қадрли фарзанди сифатида ҳис қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишдир.
Байрамнинг бадиий қисмида вилоят санъаткорлари ва ижодкорлари томонидан Ватан, истиқлол ва юрт тараққиётини тараннум этувчи қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.Бу Миллий куй-қўшиқлар ва ранг-баранг чиқишлар тантана иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Гулистон шаҳридаги ёзги амфитеатрдаги шодиёна халқимизнинг истиқлолга бўлган юксак эҳтироми, тинч ва осуда ҳаётга шукроналиги, эртанги кунга ишончи ва бирдамлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Бир сўз билан айтганда, байрам шодиёналари шу билан якунланмади. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий, маданий ва кўнгилочар тадбирлар давом этмоқда.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА