Мустақиллик байрами арафасида эҳтиёжманд оилалар эътиборда
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, “Сирдарё ИЭС”, “Тахиатош ИЭС” ва “Муборак ИЭМ” касаба уюшмалари томонидан эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, улар зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.
– Мустақиллик байрами юртимизда тинчлик, осойишталик ва фаровон ҳаёт қадрини яна бир бор ҳис этишга ундайди. Шу билан бирга, бугунги имкониятлардан унумли фойдаланиб, меҳр-оқибат ва саховат каби қадриятларни амалда намоён этиш ҳам муҳим. Шу маънода, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз учун ҳар бир инсоннинг эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслиги муҳим. Айниқса, байрам арафасида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга амалий кўмак кўрсатиш эзгу анъаналаримизнинг яна бир ифодасидир. Бундай тадбирлар жамоамизда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Эзгулик бир кунлик тадбир билан чекланиб қолмаслиги керак. Шу боис келгусида ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб эътибор қаратиш ва хайрия ташаббусларини изчил давом эттириш ниятидамиз, –деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов.
Бундай тадбирлар байрам муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак кўрсатиш билан бирга, жамоа аъзоларини эзгу ишлар атрофида бирлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хайрия тадбирлари доирасида ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА