Мустаҳкам оила — барқарор жамият таянчи
15 май — Халқаро оила куни. Шу муносабат билан «Адолат» СДП ташаббуси асосида «Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик!» акцияси ўтказиб келинмоқда. Мазкур акция доирасида Янгиҳаёт туманида «Мустаҳкам оила — инсон қадри ва қонун устуворлигининг муҳим омили» мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ота-оналар ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда истиқомат қилувчи низоли ва нотинч хонадонларни аниқлаш орқали оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашишдан иборат.
Тадбирда партия раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев партиянинг оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — кучли жамият ва мустаҳкам оила асоси» мавзусида нутқ сўзлаб, бугун мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.
Шунингдек, Янгиҳаёт тумани Адлия бўлими бошлиғи Шерзод Ишонқулов тадбир иштирокчиларини оила-никоҳ соҳасидаги қонунчилик нормалари билан таништирди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мустаҳкам оила барқарор жамиятнинг таянчи, юрт тинчлигининг пойдевори эканини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда маҳалланинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Тадбир доирасида Янгиҳаёт тумани «Ташаббус» маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга малакали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда низоли, нотинч ёки тазйиқ ўтказилиш хавфи юқори бўлган хонадонларни аниқлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА