Мусобақада энг саралар ғолиб бўлди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви томонидан фонднинг туман ва шаҳар бўлинмаларида фаолият юритаётган ходимлар ўртасида спортнинг шахмат ва шашка тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
Мусобақага шахмат бўйича Халқаро тоифадаги ҳакам Абдураим Бухоров ҳакамлик қилди.
Маълумки, 2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришчора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам кўплаб спорт мусобақалари, “Саломатлик сари 5 минг қадам” акциялари ўтказилиб келинмоқда.


Ушбу беллашувлар ҳам ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни оммавий спорт турларига кенг жалб этиш мақсадида ўтказилди.
Муросасиз ва қизғин курашларга бой тарзда ўтган учрашувда шахмат бўйича I-ўринни “Маҳалла” фонди Навоий вилоят бўлими ходими Талиф Муратов эгаллаган бўлса, шашка бўйича биринчилик фонднинг Нурота тумани бўлинмаси ходими Азизжон Назаровга насиб этди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада эса фонднинг вилоят бўлими ходими Суфия Турсуновага тенг келадиган спортчи топилмади.
Ғолиб ва совриндорлар Ўбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлимининг Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА