Мусиқа санъати дарғасини хотирлаб
Миллий мусиқа санъатимизни устоз бастакор Анор Назаров ижодисиз тасаввур этиш мушкул. А.Назаров ҳаёт бўлганида 5 июнь куни 72 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси вакиллари устоз мусиқачининг таваллуд санаси муносабати билан унинг хонадонига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев миллий санъатимиз дарғаларининг хотирасини эъзозлаш доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, Анор Назаров 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. У 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри оркестри солисти сифатида иш бошлади. Устоз бастакор Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг бош дирижёри, Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмаси бош директори, бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган эди.

Бастакорнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” (А.Орипов шеъри), “Ватан азиздир”, “Жон Ўзбекистон” (Ж.Жабборов шеърлари), “Ифтихор” (Х.Шарипов), “Яшнар баҳорим”, “Она юрт” (Б.Бобомурод), “Баркамол авлод”, “Ўзбекистон муштарак” (Й.Оташ), “Гўзал Тошкент”, “Юрт қадри” (Б.Исроилова), “Азиз одамлар” (М.Иброҳимов), “Изҳор” (А.Орипов) каби 120 дан ортиқ машҳур қўшиқлари ўзбек санъати дурдоналари сифатида мерос бўлиб қолди.
Бастакор мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди. Шунингдек, бастакор бадиий фильмларга мусиқа, йирик ва кичик жанрдаги вокал ва чолғу мусиқа асарлари муаллифидир.
А.Назаровнинг асарлари АҚШ, Франция, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия каби чет давлатларда ҳам муваффақиятли ижро этилган.
Н.Усмонова,ЎзА