Муштарак мақсадлар йўлида дадил қадамлар
Марказий Осиё...Тарихи ва тақдири муштарак халқлар бешиги.
Марказий Осиё... Тарихи ва тақдири муштарак халқлар бешиги
Турли даврлар ва турли салтанатлар, давлатчилик замонларида бунёдкорлик фазилатлари, заковати, бағрикенглиги билан ўзаро дўстона ришталарни эъзозу азиз тутиб, буюк тамаддунни яратган, бошидан не-не синовларни ўтказган эллар бугун ўз истиқлоли туфайли янги марраларни эгалламоқда. Хусусан, сўнгги уч йил мобайнида минтақа халқлари аждодлар руҳини шод этиб, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янги поғонага кўтариб, тинчлик ва бирдамлик сари дадил қадамлар ташламоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10 ноябр куни Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда таъкидлаб ўтганидек, “Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради... Амалий ҳамкорликка тайёрлик ва унга астойдил интилиш, шунингдек, барча Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва кафолатидир”. Айнан мана шу омил Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги муносабатлари тобора мустаҳкамлашиб бораётганига изчил хизмат қилиб келмоқда.
Буюк ҳақиқат

Ўзбек ва тожик халқлари асрлар давомида қондош ва жондош, қуда-анда бўлиб яшаб келганлари, кўриниши ўхшашлигидан ташқари, маънавий олами, адабиёти, мусиқаси, турмуш тарзи бир-бири билан қоришиб кетганлиги аслида тарихда ноёб, уникал ҳодисадир. Шоирлар бежиздан уларни бир дуторнинг икки тори, бир дарахтнинг икки шохига, бир дарёнинг икки соҳилига ўхшатиб тараннум этмаганлар. Улар мураккаб тарихий жараёнларда бир-бирига таяниб, талпиниб, елкадош бўлиб яшаб келган. Бу борада реал ҳаётимиздан, бой ўтмишимиздан талайгина мисоллар келтириш мумкин.
Ҳа, тарихни халқлар, омма яратади. Элнинг буюк тўлқин, куч-қудрат эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Лекин элларни қардошлик ва бирликка ҳидоят этувчи, яратувчанликка чорловчи уларнинг раҳнамолари, юртбошилари бўладилар. Буни икки мамлакат — Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмонларнинг дўстона муносабатлари, икки қўшни ва азал-азалдан хешу ақрабо бўлиб келган халқларнинг қалбларидаги буюк куч – дўстлик ҳис-туйғуларини ифода этувчи ришталарни янги замонга мос равишда мустаҳкамлаш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар, жасоратларида яққол кўриш мумкин.
2018 йилнинг файзбахш баҳор-ёзи

2018 йил баҳори икки мамлакат халқлари учун ўта файзли ва фараҳбахш келди. Она табиат ўз мўъжизасини, яратувчанлик, хусусиятлари ва жазибасини тўлиқ намойиш этган чоғда – 9 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга давлат ташрифи билан келди. Бу воқеа икки мамлакат тарихида албатта зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак. Зеро ушбу ташриф давлатларимиз, халқларимиз муносабатлари тарихида янги саҳифалар очди. Бу кун Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва мамлакат бўйлаб “Хуш омадед! Хуш келибсиз, Шавкат Мирзиёев!” сўзлари ҳар бир тожикистонлик тилидан самимий янгради, бу онлар элга ҳаққоний қувонч бағишлади, эзгуликдан дарак берди.
Мамлакатимиз Президентининг бу давлатга қилган ташрифи асносидаги чинакам дўстона мулоқотлар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган 27 та ҳужжатнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига чиқарди. Президент Эмомали Раҳмон Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама ва минтақавий алоқаларни кенгайтириш борасидаги ташаббуслари ва амалий сайъ-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ушбу ташриф ҳақиқатан ҳам тарихий характер касб этганини алоҳида қайд этди.
Ҳа, доно ва оқил раҳбарлар элларни бир-бири мустаҳкам боғлайди, тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди, шу тариқа аждодлар анъанасини давом эттириб, уларнинг руҳларини шод этади.
Тожикистон тарихидаги ўта мураккаб давр мустақилликнинг илк йилларига тўғри келди. Бу заминда қуролли тўқнашувларга хотима бериш ва тинчликка эришиш осон бўлмаган. Мамлакатимиз Президенти ҳам шахсан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўз диёрида тинчлик ва барқарорлик йўлидаги жасорати, хизматларини юксак баҳолади. “Буни, дейди Шавкат Мирзиёев, бутун дунё жамоатчилиги эътироф этади”.
Икки мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот шак-шубҳасиз икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларни янги поғонага кўтарди ва бу алоқалар бугунги кунда ўз амалий самарасини бермоқда.
Ташриф доирасида Амузанг станциясида Ўзбекистонни Тожикистоннинг жануби билан боғловчи темир йўли очилди. Ундан олдин икки мамлакат ўртасида авиақатновлар қайта тикланган эди. Музокаралар асносида икки мамлакат тадбиркорлари, ҳудудлараро ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи меъёрий-ҳуқуқий келишувлар имзоланди, сув-энергетика муаммоларини биргаликда ҳал этиш борасида келишиб олинди. Икки давлат раҳбарлари мамнуният билан қайд этганидек, икки томонламаа муносабатларда ҳал бўлмаган масала қолмади.
“Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншоолоҳ.
Биз дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан, аввало, қардош Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз”, деди давлатимиз раҳбари. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил 17-18 август кунлари Тошкентга қилган давлати ташрифи чоғида конструктив руҳда ўтган мулоқоту музокаралар, имзоланган ҳужжатлар ҳам икки қўшни давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар тарихида аҳамиятга молик воқеа бўлди. Айнан икки давлат хоҳиш-иродалари, ишончли ва дўстона муносабатлари икки халқни тараққиёт ва келажак сари янада жипслаштирди.
Бу йўлдаги сайъ-ҳаракатлар энг муҳими кўпмиллатли халқларимиз ҳаётий манфаатларини тўлиқ ифода этади. Хусусан, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома бу муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши айни ҳақиқат. Ёки Тожикистон ҳудудида, Зарафшон дарёсида Ўзбекистон улуши билан гидроэлектростанциялар қурилишига оид келишув ҳам яқин икки халқни мамнун этди.
Бу ҳам тарихий аҳамиятга эга ҳужжатдир. Тожикистон Президенти эса ўз нутқида минтақа аҳолисини ташвишга солиб келинаётган сув муаммоси ҳақида тўхталиб, Тожикистондаги сув захиралари икки республика учун етарли эканлигини, хусусан, ушбу мамлакатда жойлашган Сарез кўли сув ресурсларини биргаликда ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу тариқа, Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи асносида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг, унга узоқ муддатли ва кенг кўламли тус беришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Тошкентнинг “Форумлар саройи” да бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Президенти фармонига биноан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, ўзбек ва тожик биродар халқларининг иқтисодий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, минтақамизда тинчлик ва барқарорлик борасидаги кўрсатган хизматлари ва ташаббуслари учун Ватанимизнинг “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Э. Раҳмон ўз навбатида Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, минтақадаги барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ва амалий қадамларини мамнуният билан эътироф этди ва тожик халқининг ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромини билдирди, Мавлоно Жомий ва Мир Алишер Навоийлар каби буюк аждодларимиз пойдеворини қўйган бу дўстлик алоқалари янги замонда янгича мазмун касб этиб, абадий бўлиб қолишини алоҳида қайд этди.
Дўстлик дарахтининг тотли мевалари

Ҳаётда инсонларнинг дўстлар, қариндошлари дийдорига мушарраф бўлишдан катта бахт бўлмаса керак. Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари Президентларининг инсонпарварлик сиёсати туфайли икки мамлакат қардош ўзбек ва тожик халқлари учун очилди, бунинг учун барча шароитга эга бўлган 18 та чегара пости ташкил этилди. Агар 2020 йилининг март ойи ўрталаридан бошлаб коронавирус пандемияси туфайли чегаралар фуқаролар учун ёпилганини ҳисобга олмасак, визанинг бекор қилиниши халқларимизга охирги чорак асрдан кейин бағоят қувончли воқеа бўлди. Чегара постларидан у ёки бу томонга ўтган минглаб ёшу қари инсонлар икки давлат раҳбарлари ҳақига дуога қўл очарди.
Бугун дунё аҳли бошига келган коронавирус балоси албатта бизнинг алоқаларимизга, хусусан, гуманитар муносабатларимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Лекин сув-энергетика, савдо, коммуникация, соғлиқни сақлаш, спорт каби соҳалардаги самарали ҳамкорлик алоқаларимиз бирор кун ҳам тўхтаган эмас.
Шунингдек, жорий йил 9 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан коронавирус тарқалишининг олдини олишда кўмаклашиш мақсадида қўшни ва биродар Тожикистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Тожикистон расмий доиралари, турли касб эгалари дўстлик ва яхши қўшничиликка содиқ бўлган Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ўз миннатдорлигини ва юборилган инсонпарварлик, айниқса, тиббиёт соҳасида асқатишини алоҳида баён этди.
Тожикистон ҳукумати эса, Сардобада техноген ҳодисаси туфайли зарар кўрганлардан ёрдамини дариғ тутмади, кўп миқдорга қурилиш материаллари жўнатди. Ўнга яқин ўзбек шифокорлари ҳам тожик касбдошларига ёрдам кўрсатиш мақсадида бир неча кун Тожикистонда бўлишди, илғор тажрибалари билан ўртоқлашишди. Яъни, биз қондошу қардош халқлар ғаму ташвиш бошимизга тушса ҳам ҳамиша елкадошмиз.
Икки томонлама интергациялашув жараёнида адабиёт ва санъат вакилларининг ўрни алоҳида эканлигини яхши биламиз. Атоқли адиб Мирзо Турсунзода ўтган асрнинг йигирманчи йиллари Тошкентда таҳсил олган. Бу шариф инсон ўзбек тилини яхши биларди, ўзбек халқига ҳурмати бўлакча эди. Ўтган йили баҳорда Тошкентда адиб таваллудининг 108 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ажойиб тадбир ташкил этилди. Тадбирда иштирок этган Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим бундай тадбирлар устозлар руҳини шод этаётганлигини таъкидлади.
– Биз 2018 йили “Садойи Шарқ” журналининг 6-сонини ўзбек адабиётига бағишладик, – дейди Низом Қосим. – Бундан олдинроқ “Жаҳон адабиёти”нинг апрель ойи сонидан тожик адабиёти намуналари ўрин олган эди. Ҳа, орамиздаги баланд деворлар қулади, қалбларимизга йўл топдик, адабиёт дўстлик кўпригига айланди. Жорий йилнинг март ойида биз Душанбе шаҳрида атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидовнинг ҳаёти ва адабий меросига бағишлаб тадбирлар ўтказдик.
Бу тадбирда ўзбекистонлик адиблар қадрли меҳмон бўлиб иштирок этди. Биз аждодларимизнинг гўзал услуби – зуллисонайнлик анъанасини тиклашимиз лозим. Тожикистонлик ўзбекзабон шоиримиз раҳматли Ўлмас Жамолнинг “Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар” матласи билан бошланадиган ғазални эслайлик-а!
Бугунги кунларда Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигини тинчлик ва барқарорлик, қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон билан дўстона алоқалар муҳитида нишонламоқда. Коронавирус офати ҳам ўткинчи, иншоллоҳ. Икки халқ, икки давлат дўстлик ва ҳамкорлик дарахтлари янада тотли мевалар беришига ишонамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилда Олий Мажлисга Мурожаатномасида минтақамиздаги мамлакатлар билан барча соҳаларда дўстона муносабатлар, ҳамкорлик алоқаларни янги поғона кўтариш хусусида гапириб, жумладан, шундай деди: “Биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат йўлини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз”.