“Мурувват” уйига “Президент совғаси” топширилди
Наманган вилояти Поп туманидаги эркаклар “Мурувват” уйига “Президент совғаси” — “ISUZU” автобуси ва “Damas” автомашинаси топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 март куни Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишган эди. Ушбу учрашувда республикамизда жойлашган “Саховат” ва “Мурувват” уйларидаги шароитларни, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масаласига алоҳида тўхталиб, ҳар бир “Саховат” ва “Мурувват” уйига биттадан автобус ва “Damas” автомашинаси тақдим этиш ҳақида топшириқ берган эди.
[gallery-2195]
Мазкур топшириқ ижроси бўйича Поп тумани Марғизор қишлоғида жойлашган “Мурувват” уйига ушбу автотранспортлар топширилди.
Марғизордаги “Мурувват” уйи 320 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 320 нафар ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ давлат таъминотига олинган. 250 нафар ходим беморлар хизматида.
Тақдим этилган автобус беморларни туман марказидаги тиббиёт муассасаларига, вилоятдаги зиёратгоҳларга олиб бориш учун хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА