Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди
Андижон вилояти Бўстон туманида Ички ишлар вазири ўринбосари аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди.
Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, қийин шароитларда яшаётиган оилалар ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланган жорий йилда ана шу йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов иштирокида Бўстон туманида фуқаролар билан мулоқот ўтказилди.
[gallery-5366]
Мулоқот давомида 200 нафарга яқин фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари эшитилди. Мурожаатларнинг аксарияти мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари иштирокида шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди. Мулоқотда тумандаги маҳаллалар «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг даромад манбаини шакллантириш мақсадида 30 дан зиёд аёлга тикув машиналари ҳамда маиший техника воситалари берилди.
– Яшаш шароитимиз оғир, ишлай десам яқин атрофда иш йўқ, – дейди туманнинг Маориф маҳалласида яшовчи Оязим Жумабоева. – Президентимизга, раҳбарларимизга раҳмат. Мен каби қийналган аёлларга ёрдам бермоқда. Бугунги тадбирда менга ҳам тикув машинаси берилди. Энди тикувчилик билан шуғулланиб, оиламга оз бўлсада даромад киритиш имконига эга бўлдим.
Шунингдек, мулоқотда 10 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ва реабилитация воситалари берилди. “Ёшлар дафтари” га киритилган 10 нафар йигит-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит олиш имтиёзини берувчи сертификатлар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА