Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди
Президентимизнинг 23 июль куни “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш”га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари Хушнуд Худойбердиев Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонаси масъуллари, шаҳардаги секторлар, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Сайёр қабулда аҳолининг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилди.
Қабул чоғида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида бўлди. Ҳар бир мурожаат мутасаддилар томонидан бирма-бир муҳокама қилинди.
– Бел чурраси билан касалланганман. Соғлигим кундан кунга ёмонлашмоқда, – дейди Бухоро шаҳри Гулчорбоғ маҳалла фуқаролар йиғини Жувозқоғоз кўчасида яшовчи фуқаро Орзигул Бозорова. – Юришим кундан-кун қийинлашиб бормоқда. Сайёр қабулда ҳасса сўраб мурожаат қилгандим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди.
Ҳасса сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг талаблари мутасаддилар томонидан ўша ернинг ўзида ҳал этилди. Бу тўғрида нажот истаб мурожаат қилганларга ҳассалар берилди.
[gallery-4917]
– Айни пайтда Тошкент Молия институтида 2-мутахассислик бўйича ўқияпман, – дейди Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчаси 8А 1-уйда яшовчи Бекзод Бафоев.
– Отам бевақт вафот этганлиги сабаб оилада боқувчи ҳисобланаман. Бугунги сайёр қабулда “Ёшлар дафтари”га киритиб шартнома пулимни тўлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди.
– Уйда ишсизман, – дейди Бухоро шаҳри Мустақиллик кўчаси 46/5-уй 20-хонада яшовчи Гуландон Жамолова. – Вояга етмаган икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Пишириқ пиширишни биламан. Уйда пишириқ тайёрлаб сотиш учун мутасаддилардан электр печ сўраб мурожаат қилгандим. Мурожаатим жойида ҳал этилди. Энди уйда пишириқ пишириб оилам даромадига ҳисса қўшаман.
Қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Эътирозли ҳолатлар бўйича ҳокимлик, масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарларига тегишли топшириқ берилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Шунингдек, мурожаат юзасидан муаллифларга ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Қабулдан сўнг, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари Хушнуд Худойбердиев бошчилигида бухоролик мутасаддилар Бухоро шаҳрида яшовчи 105 ёшли Чамангул Боймуродова хонадонида бўлди.
Чамангул Боймуродовага ногиронлик аравачаси берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА