Мурожаатлар — халқ ишончининг кўзгуси
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш — халқ билан очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларнинг манзилли ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда туман ва шаҳар кенгашларига жорий йилнинг ўтган даврида 472 тадан ошиқ мурожаат келиб тушган. Улардан 68 таси бандлик, 111 таси коммунал соҳа, 2 таси уй-жой ва ер муносабатлари, 129 таси ижтимоий ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид бўлса, 1 та мурожаат банк ва кредит масалаларига, қолган 161 та мурожаат бошқа йўналишларга тааллуқли бўлган.
Шу мурожаатлардан 355 таси ижобий ҳал этилган, 1 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган. Қолган 116 та масала бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилиб, жавоблар юзасидан назорат ишлари олиб борилмоқда.

ЎзМТДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Норбобо Соатов бу борада қуйидагича фикр билдирди:
— Партиямиз фаолиятида ҳар бир мурожаат — халқ ишончининг кўзгуси, деб қараймиз. Фуқароларнинг ҳаётий муаммоларига бефарқ бўлмаслик, уларни тезкор ҳал этиш — демократик қадриятларимиз ифодаси ҳисобланади. Бугунги кунда мурожаатлар фақатгина шикоят ёки илтимос сифатида эмас, балки жойлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда муҳим ахборот манбаига айланмоқда.
Раиснинг таъкидлашича, партия келгусида ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳар бир мурожаатнинг ечимида депутатлик корпусининг фаол иштирокига эришишни устувор вазифа сифатида белгилаган.

– Биз фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, давлат идоралари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлашга ҳам эътибор қаратамиз. Шу мақсадда партия кенгашлари ҳузурида мурожаатлар мониторинги бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти кенгайтирилади, – дейди Норбобо Соатов.
Партиянинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари натижасида нафақат мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилиши, балки аҳоли ва депутатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири