Мурожаат ортида — инсон тақдири
Инсоннинг бир оғиз мурожаати ортида баъзан бир оиланинг хотиржамлиги, бир хонадоннинг файз-таровати, кундалик турмушининг осойишталиги мужассам бўлади. Шу боис бугун аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, уларда кўтарилган масалаларни эшитишнинг ўзи эмас, балки ҳар бир мурожаат замиридаги муаммони чуқур англаш ва уни амалий ҳал этиш муҳим мезонга айланмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг дардини эшитиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тамойилларининг ҳаётимизга изчил татбиқ этилаётгани ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Айниқса, аҳоли учун энг муҳим коммунал хизматлардан бири бўлган табиий газ таъминоти соҳасида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки газ қувури, босим, ҳисоблагич ёки таъминот билан боғлиқ масала оддий рақам эмас — унинг ортида муайян хонадон, оила ва инсон бор.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида бу борада амалга оширилаётган ишлар рақамларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Бугунга қадар филиалга аҳоли ва истеъмолчилардан жами 3338 та мурожаат келиб тушган. Эътиборлиси, уларнинг ҳар бири белгиланган тартибда назоратга олинган. Мурожаатларнинг 655 таси ёзма, 1336 таси оғзаки тарзда қабул қилинган. Шунингдек, 583 та мурожаат “Ишонч” телефони, 764 таси Виртуал қабулхона орқали келиб тушган.
Бу рақамларга таҳлилий нуқтаи назардан қаралса, аҳоли билан мулоқотнинг турли шакллари йўлга қўйилгани кўринади. Яъни фуқаро муаммосини қайси шаклда билдиришидан қатъи назар, унинг мурожаати эътиборсиз қолмаяпти.


Энг муҳими, мурожаатлар қоғозда қолиб кетмаяпти. Уларда кўтарилган масалалар соҳа ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда. Бунга Ғиждувон туманидаги “Саидкент” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Моҳира Наврўзованинг мурожаати мисол бўла олади. Фуқаро ўз хонадонидан ўтган газ қувурини ташқи қисмга чиқариш ва реконструкция қилиш масаласида оғзаки мурожаат қилди. Масала мутасадди ходимлар томонидан ўз вақтида ўрганилиб, зарур чора кўрилди. Натижада хонадондаги газ қувури уйнинг ташқи қисмидан реконструкция қилиниб, фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
— Газ таъминоти корхонасига қилган мурожаатим ижобий ҳал этилди. Ходимлар келиб, масалани жойида ўрганишди. Газ қувурини уйимнинг ташқи қисмидан реконструкция қилиб беришди, — дейди Моҳира Наврўзова. Бир қарашда бу оддий бир хизмат кўрсатишдек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, бу ерда энг муҳим жиҳат — фуқаронинг мурожаати эшитилгани ва унинг муаммоси амалий ечим топганидир. Зеро, халқ билан мулоқотнинг ҳақиқий натижаси ҳам айнан шунда — мурожаатдан кейин инсон ҳаётида ижобий ўзгариш юз бериши керак.
Филиал бўлим бошлиғи Ҳусен Бақоевнинг таъкидлашича, келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилган.
— Филиал томонидан 2948 та мурожаат ижобий ҳал этилган. 297 та мурожаат юзасидан фуқароларга тушунтириш берилди. 93 та мурожаат эса айни пайтда қўшимча вақт талаб қилгани сабабли соҳа ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳал этилиш жараёнида турибди, — дейди у. Бу рақамлардан муҳим бир хулоса келиб чиқади: мурожаатлар билан ишлашда асосий эътибор “қанча мурожаат келди?” деган саволга эмас, балки “уларнинг қанчаси ҳал этилди?” деган мезонга қаратилаётир. 3338 та мурожаатдан 2948 тасининг ижобий ҳал этилгани бу борада муайян натижа борлигини кўрсатади. Шу билан бирга, 297 та мурожаат бўйича тушунтириш берилгани, 93 таси эса ўрганиш ва амалий ечим босқичида экани мурожаатлар билан ишлаш бир марталик тадбир эмас, балки узлуксиз жараён эканини англатади. Филиалга келиб тушган мурожаатларнинг барчаси назоратга олинаётгани эса тизимда масъулият ва ҳисобдорлик тамойиллари кучайиб бораётганидан далолат беради. Бунда 104 — авария-диспетчерлик хизмати, шунингдек, 1104 — колл-марказининг ўрни ҳам алоҳида. Фуқаро муаммоси билан мурожаат қилганида, унинг масаласи қайси канал орқали етказилганидан қатъи назар, тегишли хизматлар томонидан ўрганилиб, имкони борича тезкор ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлаш фақат муаммони бартараф этиш билан чекланмаяпти. Истеъмолчиларга газ таъминоти тизимидаги ўзгаришлар, янгиликлар, амалдаги тартиб-қоидалар ва хизматлар ҳақида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса аҳоли ва газ таъминоти ташкилоти ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аслида, ҳар қандай ташкилот фаолиятига баҳо беришда унинг қанча иш қилганидан кўра, аҳоли муаммосига қанчалик яқин экани муҳим.


Чунки фуқаро мурожаат қилганда, у аввало ўзини эшитадиган, муаммосини тушунадиган ва уни ҳал қилишга ҳаракат қиладиган масъул идорани излайди. Мурожаатнинг ўз вақтида қабул қилиниши, жойига чиқиб ўрганилиши ва натижаси ҳақида фуқарога маълумот берилиши эса давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойилининг ҳаётимизда тобора чуқур қарор топаётгани ҳам ана шундай амалий ишлар орқали намоён бўлмоқда.
2948 та ижобий ҳал этилган мурожаат — шунчаки статистика эмас. Бу рақам ортида хотиржам бўлган хонадонлар, муаммосига ечим топилган фуқаролар ва энг муҳими, давлат идорасига билдирилган ишонч турибди. Шу маънода, “Ҳудудгаз Бухоро” филиалида мурожаатлар билан ишлаш тажрибаси яна бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: инсон мурожаат қилган жойда давлатнинг эътибори, масъулияти ва меҳри намоён бўлиши керак. Чунки халқ билан мулоқот рақамлардан бошланиши мумкин, аммо унинг ҳақиқий натижаси инсоннинг “муаммом ҳал бўлди” деган розилиги билан ўлчанади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири