Истиқболли инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Хитойнинг Zhongya Anruixin Steel Group компанияси вице-президенти Ван Сяобо бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот чоғида вилоятда металлни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қиймати 260 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида 50 гектар майдонда замонавий металлургия ва металлни қайта ишлаш ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш, 1 600 та янги иш ўрни яратиш ҳамда йилига 600 минг тонна махсус пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуд саноат салоҳиятини янада юксалтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув давомида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш, ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ишга тушириш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбарияти ва хорижлик инвесторлар Янгиер кичик саноат зонасига ташриф буюриб, лойиҳани жойлаштириш таклиф этилаётган ҳудуд, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда зарур инфратузилма имкониятларини жойларга чиққан ҳолда кўздан кечирди.


Учрашув якунида томонлар мазкур инвестиция ташаббусини амалий босқичга ўтказиш, лойиҳани қисқа муддатларда ишга тушириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш юзасидан келишувга эришишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири