Мурожаат эътиборсиз қолдирилмади
Корхонанинг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига тадбиркорлик субъектлари томонидан жойларда ҳокимликлар ҳузурида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори билан тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан қарор моҳиятини бир томонлама талқин қилган ҳолда ёрдамчи бино ва иншоотларга асоссиз таъсирчан солиқ механизми қўллаш бўйича хулосалар тақдим этилаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хусусан, “Вериф” МЧЖ Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига Оҳангарон туманида жойлашган “Профилакторий” ёрдамчи биноси учун 1-Ишчи гуруҳнинг 2020 йил 22 февралдаги хулосасига асосан, фойланилмай турган бино сифатида эътироф этилиб, МЖЧ ҳисоб рақамидан 97 миллион сўм маблағ ундириб олинганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Бу масалада корхона томонидан бир неча маротаба туман солиқ инспекцияси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қилинган мурожаатлар натижа бермаганлиги учун Бизнес вакил номига мурожаат қилишга мажбур бўлингани билдирилган.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари томонидан корхона вакиллари ва Ишчи гуруҳ билан ҳолат юзасидан муҳокама ўтказилиб, корхона томонидан яна бир маротаба Ишчи гуруҳга бинодан мақсадли ва мавсумий фойдаланилаётгани тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилди.
Шундан сўнг Ишчи гуруҳ томонидан 2020 йил февраль ойида қабул қилинган хулоса қайта кўриб чиқилиб, корхонага нисбатан қўлланилган таъсир чора тўхтатилиб, ҳисоб рақамидан ундирилган маблағни қайтариш юзасидан якуний хулоса қабул қилинди ва ижро учун тегишли солиқ органига юборилди. Корхонанинг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.