Мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди
Сўнгги йилларда тиббиёт статистикаси бўйича қизилўнгач касалликлари ва уларнинг мушак ҳалқасининг ишламаслигининг кўп учраши қайд қилинмоқда. Ҳозирги пайтда бу каби беморларга кам инвазив эндоскопик миотомия амалиёти усулларини қўллаш бир қатор ривожланган чет мамлакатларда амалга оширилади.
Тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва аҳолига малакали сифатли ҳамда самарали тиббий ёрдамни ташкил қилиш учун кенг йўл очиб берилаётганлиги ва ҳукумат томонидан қаратилаётган тиббиёт тизимига катта эътибор туфайли Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида кам инвазив эндоскопик амалиётларни амалда татбиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, филиалда эндоскопик амалиётларни қўллаш мақсадида жанубий Корея давлатининг “Song shim” клиникаси эндоскопия маркази профессори Kim Yong, шарқий ва ўрта осиё давлатлари ассоциацияси “Elsa” эндоскопия маркази профессори Filip Cho, Россия Федерациясининг Санкт Петербургдаги Павлов номидаги тиббиёт институти профессори А.А. Смирнов, Тошкент шаҳридаги академик Воҳидов номидаги жарроҳлик маркази профессори Ж.Джуманиязов, Республика Илмий Маркази эндоскопия маркази раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндоскопист мутахассиси М.Ҳошимов билан ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.
Куни кеча бемор 1992 йилда туғилган бемор саломатлиги юзасидан Бухоро филиали қабулхона бўлимига мурожаат қилди. Охирги бир неча йиллардан буён кўп тиббиёт муассасалари, касалхоналарда мунтазам даволаниб, аммо, шифо топмаётганлиги аниқланди. Филиал мутахассислари беморни керакли текширувлардан ўтказиб, унга “Қайталанувчи кардиал ахалазияси 2- даражаси, ГЭРБ” ташҳиси қўйилди.
Беморда Республикада биринчилардан бўлиб мустақил равишда “Elsa” эндоскопистлар ассоциацияси аъзоси, филиал бош эндоскопист мутахассиси А.Ҳайдаров бошчилигида “Ре ПОЭМ эндоскопик миотомия” кам инвазив мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Ушбу амалга оширилган операция жараёнлари юқорида қайд қилинган ҳамкор давлатлар эндоскопист мутахассислари томонидан “Телемедитцина” орқали кузатиб борилди.
Беморнинг бугунги кундаги аҳволи ижобий томонга ўзгариб, меъёрий овқатланиш ва меъда ичак фаолияти тизими тикланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.