Муқобил энергия: қулай ва самарали
Аҳолининг яшаш шароитлари яхшилангани сайин ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айни пайтда мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ривожланган давлатлардаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори. Ушбу тафовутни бартараф этиш учун иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу боис мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ушбу йўналишда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Энерготежамкор технологиялар ва муқобил энергия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш учун зарур қулайликлар яратилиб, қатор имтиёзлар жорий этилди.


Сирдарё вилоятида ҳам бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилган. Биринчи галда вилоятдаги мавжуд 167 407 та бино ва иншоотларда қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Натижада мазкур қурилмаларни ўрнатиш учун 2 698 минг квадрат метр майдонлар мавжудлиги аниқланди. Айни вақтгача ижтимоий соҳа объектларида белгиланган қувватлар тўлиқ ўрнатилган. Давлат идоралари ва ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотлар, кўп қаватли уйлар ва аҳоли хонадонларининг том қисмига қуввати 7,13 МВт бўлган қуёш панели, 53 минг литр сиғимли қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 12,5 МВт.ли қуёш панели ва 23,4 минг литр сиғимли сув иситиш ускуналари ўрнатилиши назарда тутилган. Шунингдек, тармоқлардаги йўқотишларни ўртача 1,5 фоизга камайтириш, саноат корхоналари ва бино-иншоотларда самарадорликни 2,2 фоизга ошириш ҳисобига 64,5 миллион кВт соат электр энергиясини иқтисод қилиш белгилаб олинган. Бундан ташқари, вилоятда фаолият юритаётган 10 та иссиқхона ва 663 та ижтимоий соҳа объектларини тўлиқ кўмирга ўтказиш эвазига вилоят бўйича жами 43 миллион кВт-соат электр энергияси ва 17,2 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришиш кўзда тутилган.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири