Муқимий театри 88-ижодий мавсумини «Тонгни кулиб қарши ол» спектакли билан бошлади
Ўзбек миллий мусиқали театрининг тамал тошини қўйган, халқимиз қалбидан чуқур жой олган қутлуғ маскан – Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ўзининг 88-ижодий мавсумини расман очди.
Йиллар давомида классик ва замонавий асарларни маҳорат билан саҳналаштириб келаётган мазкур санъат даргоҳи бу мавсумда ҳам мухлисларига унутилмас лаҳзалар, янги премьералар ва юксак эстетик завқ улашишни мақсад қилган.
Театрнинг 88-ижодий мавсуми кўп йиллик анъаналар ва замонавийликнинг юксак уйғунлиги сифатида бошланди. Мавсум очилиши мамлакатимиз маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлиб, унда ўзбек театр санъатининг сара намуналари, юксак ижрочилик маҳорати ва ўзига хос мусиқий чиқишлар намойиш этилиши режалаштирилган.
Қутлуғ мавсум театр жамоаси ва мухлислар томонидан интизорлик билан кутилган таниқли ижодкор Қўчқор Норқобил асари асосида режиссёр Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган «Тонгни кулиб қарши ол» спектакли билан бошланди.

Спектакль машҳур спортчи, Олимпия ўйинлари чемпиони, тарихда илк бор ўзбек аёллари орасида Олимпиада олтин медалини қўлга киритган Диёра Келдиёрова ҳаёти ва унинг шонли ғалабасига бағишланган.
Асар ўзининг теран фалсафаси, ҳаётий машаққатлар қаршисида инсон иродаси, матонати ва умид учқунларини маҳорат билан ёритиши билан ажралиб туради. Саҳна асари илк дақиқалариданоқ томошабинларни чуқур мушоҳадага чорлаб, ҳаёт гўзаллиги ва эртанги кунга ишонч туйғусини бахш этади.
Спектаклнинг илк намойишида зални тўлдирган мухлисларнинг гулдурос қарсаклари янги мавсумнинг мазмунли ва муваффақиятли ўтишидан дарак берди.
Муқимий театри доимо халқчил мавзулар, инсоний туйғулар ва миллий қадриятларни тараннум этиб келган. 88-ижодий мавсум репертуаридан ҳам томошабинлар интизорлик билан кутаётган классик асарлар, бугунги куннинг долзарб мавзуларини қамраб олган замонавий драмалар ҳамда шўх мусиқали комедиялар ўрин олган.
Мавсум давомида халқимиз севиб томоша қиладиган, йиллар давомида сайқал топган асарлар янгича режиссёрлик ёндашуви ва замонавий саҳна безаклари билан қайта тақдим этилади. Шунингдек, бугунги кун қаҳрамонлари, уларнинг орзу-интилишлари, оилавий ва ижтимоий муносабатлари, жамиятдаги ўрни ҳақида ҳикоя қилувчи янги пьесалар саҳна юзини кўради.

Театрнинг тажрибали устоз санъаткорлари билан бир қаторда, ёш ва умидли актёрлар, бастакорлар ҳамда режиссёрлар ўзларининг дебют ишларини кенг жамоатчиликка намойиш этадилар.
Театр раҳбарияти ва ижодий жамоасининг таъкидлашича, 88-ижодий мавсум фақат спектакллар намойишидан иборат бўлиб қолмайди. Бу йил маданий лойиҳалар кўлами янада кенгайиши режалаштирилган. Мавсум давомида томошабинлар ва театршунослар иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, ёшлар билан давра суҳбатлари ҳамда театр санъатини кенг тарғиб қилишга қаратилган махсус анжуманлар ўтказилади.
Мазкур театр ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда, ҳар бир чиқиши орқали инсонлар қалбига эзгулик улашишда давом этади. Зеро, Муқимий театрида ҳар бир парданинг очилиши янги бир дунё, янги ҳиссиётлар ва бетакрор маънавий озуқа демакдир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири