Муқаддас ҳаж сафаридан қайтишди
Муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиб Ватанимизга қайтган юртдошларимиз Нукус халқаро аэропортида юксак эъҳтиром билан кутиб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбирда нуронийлар, масъул ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари, зиёратчиларнинг яқинлари иштирок этишиб, ҳаж амалларини муваффақиятли адо этиб қайтган юртдошларимизни самимий қутладилар.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда фуқароларнинг ибодат ва зиёратларни эмин-эркин амалга оширишлари учун яратилаётган кенг имкониятлар, ҳаж сафарларини юқори савияда ташкил этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларни алоҳида таъкидлашди.
Тадбир давомида зиёратчиларнинг муқаддас қадамжоларда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақи учун қилган дуолари эътироф этилди. Ҳаж сафаридан қайтган фуқаролар ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, яратилган шароит ва кўрсатилган ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришди.

Тадбирда зиёратчиларга эзгу тилаклар билдирилди ҳамда уларнинг хонадонларига тинчлик-осойишталик, барака ва файз тиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА