Муносибларга давлат мукофотлари топширилди
Сирдарё вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан соҳанинг бир қатор фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Сўз олганлар йиғилганларни юртимизда кенг нишонланаётган Наврўз байрами ҳамда Маҳалла тизими ходимлари куни билан самимий табриклаб, уларга шарафли ва масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилади.

Давлатимиз раҳбарининг бугун эълон қилинган фармони билан юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилган Боёвут тумани “Навбаҳор” МФЙ раиси Жумабой Раҳмонқуловга “Дўстлик” ордени, Мирзаобод тумани “Деҳқонобод” МФЙ “Оқила аёллар ҳаракати” аъзоси Маҳбуба Исмоиловага “Жасорат” медали тантанали равишда топширилди.
–Президентимиз фармони билан ушбу давлат мукофотига сазовор бўлганим зиммамга янада катта масъулият юкламоқда, – дейди "Дўстлик" ордени соҳиби Жумабой Раҳмонқулов. –Бундай юксак эътибор ва ишончни оқлаш учун янада шижоат билан ишлашни кўнглимдан ўтказдим. Ушбу давлат мукофотини барча сирдарёлик маҳалла тизими ходимларининг меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан.

Тадбирда, шунингдек, маҳалла тизимида самарали меҳнат қилиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 11 нафар фаоллар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири