Муносиблар тан олдиради...
Бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг ақл-заковати, истеъдоди ва меҳнати давлат даражасида юксак эътироф этилаётгани ҳар бир ота-она қалбида фахр ва эзгу орзуларни уйғотмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 28 сентябрдаги “46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ҳамда иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ана шу эътирофнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Унда юртимиз шахматчилари халқаро майдонда намоён этган юксак профессионал маҳорат, ақл-заковат, ирода ва матонат, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва шон-шуҳратини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Куни кеча Кўксаройда давлат мукофотларини қабул қилаётган ёшларимизни кўриб, уларнинг ҳар бирида нафақат шахсий ғалаба, балки ота-она орзуси, устоз меҳнати ва юрт ишончи мужассам эканини ҳис қилдик.
Зеро, бугун уларга қараб ҳавас қилаётган ҳар бир ота-она “Менинг фарзандимга ҳам шундай бахт насиб этсин”, дея ният қилади. Ана шу эзгу ниятлар эса ёш авлод учун яратилган имкониятлар, илмга, таълимга ва истеъдодга берилаётган эътибор билан уйғунлашиб, катта натижаларга айланмоқда.
Дунё аҳли ҳам Ўзбекистоннинг ана шундай ёшлари, уларнинг салоҳияти ва ютуқларига қараб, юртимизга ҳавас қилмайдими?!
Президентимиз кўп таъкидлайдиган бир жумла эндиликда юрагимизда айтадиган шиорга айланиб бормоқда: "Машаққатли меҳнатимиз билан дунёни тан олишга, ҳурмат қилишга мажбур қиламиз".
Аслида бу юрт аҳлига нима керак – аввало тинчлик. Яна нима керак – ёшлар камоли. Келинг, яна нима керак, деб сўрасангиз, давлатининг қўллаб-қувватлови. Хўш, бугун буларнинг ҳаммаси намоён эмасми?! Ёши улуғларимизнинг дуолари ҳам аслида шундан бошланади-ку, демак, дуолари ижобат бўлаётган замон эмасми бугунимиз?!
Илминг борми – ўрнинг бор, ҳунаринг борми – ҳурматинг бор, садоқатинг борми – қадринг бор! Юртда фаровон яшаш учун мана шу учта имкониятнинг ўзи етарлидир.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлган ёшларимизнинг кўзига боқсангиз, аввало, юксак ишончни кўрасиз. Бу юртига, ўз илмига бўлган ҳамда ота-онасини бахтли қилиш йўлида ташлаётган қадамларидаги ишончдир. Улар билан суҳбатлашсангиз, рўёлар ортидан чопмай, аниқ мақсадларни кўзлаётганига амин бўласиз, орзу-хаёлларини билим билан мустаҳкамлаб, ўз ҳаёти ва юрт фаровонлиги учун интилаётганига гувоҳ бўласиз.
Улар бугунги кун учун ҳам, эртанги келажак учун ҳам ҳақиқий ўрнакдир. Тан олайлик, бу ёшларнинг қувончи юракларимизга энг ширин ва фахрли ҳиссиётларни бахш этди. Ҳар бирининг қиёфасида ўз яқинларимизни, фарзандларимизни кўришни истадик. Муносиб инсонлар ўзларини мана шундай тан олдиради!
Бу ютуқларнинг барчаси ортида китоб, илм, таълим ва муаллим турибди. Ҳамда ушбу улуғ тушунчаларни халқ юрагига сингдираётган Президент ва Она юрт турибди.
Кимлар тан олмасди, кимлар билмасди,
Кимлар кўз учида қараб тинмасди.
Кимларнинг авлоди эканимизни,
Билганлар эслашга ҳеч уринмасди.
Гўёки, олдидан нонин олгандек,
Ёвқараш қилганлар бугун бечора.
Кимлардир оғзига талқон солгандек,
Энди ўзи билан ўзи овора.
Биз оғир карвонмиз, манзилимиз бор,
“Ўқи” деган улуғ ундовга дучор.
Бу халқнинг сабрига сабри етмаслар,
Жабр етказиб ҳам қилолмади хор.
Бунда диёнатнинг чўғи сўнмасди,
Бунга боболарнинг руҳи кўнмасди.
Баҳоридан умид узмаган элни,
Билганлари сари эзиб тинмасди.
Келинг, ғолиб эмас, ҳикмат излайлик,
Бугун ким илмда, ким қабоҳатда.
Маррани забт этиб, марра кўзлайлик,
Ўзбекнинг юраги шундан роҳатда.
Дунёни тўп каби тепкиламайди,
Тўп сурса, титрайди жаҳон майдони.
Ҳеч кимни бегуноҳ турткиламайди,
Чарм қўлқоп билан олар дунёни.
Шубҳалар қолмади ақл жангида,
Оқ-қора майдондир оламнинг асли.
Неча маҳоратлар қолиб чангида,
Шоҳларни мот қилар донолар насли.
Барини тафаккур қилинг ва ўйланг,
Машаққатли меҳнат оғир, биламиз.
Юртини севганга эргашиб бир кун,
Дунё тан олишга мажбур қиламиз!
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА