Муносиб номзод маҳалла раиси бўлади
Маълумки, жорий йилнинг май-июль ойларида юртимизда фуқаролар йиғинлари раиси сайловлари ўтказилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам ушбу муҳим тадбир аҳолининг фаоллиги ва шаффофлик билан ташкил этилмоқда.
Сайловларни адолат, холислик тамойиллари асосида ўтказиш мақсадида вилоятдаги 1062 та маҳаллада жиддий тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Фарғона вилояти бошқармасида вилоят штаби, шунингдек, 19 та туман ва шаҳарда сайловларга кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди.

Маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида ташкил этилган туман ва шаҳар комиссиялари сайловларни юқори савияда ўтказишга хизмат қилмоқда. Сайловларда иштирок этадиган вакиллар сони ҳар бир маҳаллада ишчи гуруҳлар томонидан белгиланди. Умуман, сайловларда Фарғона вилояти бўйича 330 минг нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда.

Данғара туманида эса жорий сайловда 46 та маҳаллада раис сайланади. “Катта Аравон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ушбу жараён тартибга мувофиқ, уюшқоқлик билан ўтди. Дастлаб сайлов жараёнини юритувчи раёсат, котиб ва саноқ комиссияси сайланди. Раисликка номзодлар ўз дастурларини тақдим этиб, фуқаролар томонидан ёпиқ овоз бериш орқали энг муносиб номзод танланди.
Айни вақтда Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарларида сайловлар белгиланган тартибда давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА