Мундиал-2026: Канада очко йўқотди, АҚШ йирик ҳисобда ғалаба қозонди
Футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари “В” гуруҳидан ўрин олган Канада ва Босния ва Герцеговина терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан бошланди.
Торонто шаҳридаги “Toronto Stadium” ўйингоҳида кечган баҳснинг 21-дақиқасида Йово Лукичнинг аниқ зарбаси меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Канада ташаббусни қўлга олиб, рақиб дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятлар яратди. Натижада 79-дақиқада Кайл Ларин мувозанатни тиклади. Шу тариқа, учрашув 1:1 ҳисобида якунланди ва ҳар икки жамоа бир очкодан қўлга киритди.

“D” гуруҳидан ўрин олган АҚШ ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги баҳс эса мезбонларнинг йирик ғалабаси билан тугади. Инглвуд шаҳридаги “SoFi Stadium” аренасида бўлиб ўтган учрашувда АҚШ терма жамоаси рақибини 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

АҚШ жамоаси сафида Фоларин Балогун дубл муаллифи бўлди. Шунингдек, Рауль Бобадилья ўз дарвозасини ишғол қилди. Парагвайлик Маурисио Прадо иккинчи бўлимда битта гол билан жавоб қайтарган бўлса, учрашувнинг қўшимча дақиқаларида Жованни Рейна ўйинга якуний нуқтани қўйди. Натижада АҚШ мундиалдаги иштирокини ишончли ғалаба билан бошлади.

Жаҳон чемпионати баҳслари бугун ҳам давом этади. 13 июнь куни мамлакатимиз вақти билан соат 23:59 да “В” гуруҳида Қатар ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги учрашув Санта-Клара шаҳридаги “Levi's Stadium” аренасида старт олади.

14 июнь куни соат 03:00 да “С” гуруҳида Бразилия ва Марокаш терма жамоалари ўзаро майдонга тушади. Соат 06:00 да Гаити ҳамда Шотландия жамоалари куч синашса, 09:00 да “D” гуруҳида Туркия ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади. Куннинг сўнгги учрашуви эса “Е” гуруҳида Германия ва Кюрасао терма жамоалари иштирокида кечади. Мазкур баҳс соат 22:00 да бошланиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА