Енгил атлетикачиларимиз Душанбедаги халқаро турнирда иштирок этади
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида енгил атлетика бўйича Олимпия чемпионлари Андрей Абдувалиев ва Дилшод Назаров соврини учун III очиқ халқаро турнир бошланди.
Анъанавий тарзда ташкил этилаётган мусобақада бир қатор мамлакатларнинг етакчи енгил атлетикачилари ғолиблик учун баҳс олиб боради. Турнир дастуридан эркаклар ва аёллар ўртасида 100, 200, 400 ва 1500 метрга югуриш, 400 метрга ғовлар оша югуриш, 4х100 ва 4х400 метр эстафета, узунликка ҳамда баландликка сакраш, шунингдек, босқон ва диск улоқтириш баҳслари ўрин олган.

Мусобақалар Душанбе шаҳридаги Марказий стадион ҳамда Жисмоний тарбия институти спорт иншоотларида ташкил этилади.
Мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 11 нафар аъзоси иштирок этади. Ҳамюртларимиз енгил атлетиканинг саккиз йўналиши бўйича медаллар учун кураш олиб боради.
Жумладан, Жонбиби Ҳукмова, Нурхон Очилова ва Ҳасанбек Рустамжонов 400 метрга югуриш баҳсларида қатнашади. Султон Ғофуржонов, Лайло Аллаберганова ҳамда Лидия Подсепкина 100 метр масофада ўз имкониятларини синовдан ўтказади.
Зарина Носиржонова, Элина Силямиева ва Муҳаммадазиз Носиров босқон улоқтириш, Дунёзод Сайфуллоев ҳамда Юлианна Шукина диск улоқтириш баҳсларида иштирок этади.
Мусобақа спортчиларимиз учун мавсумнинг муҳим стартларидан бири бўлиб, халқаро тажриба тўплаш ва рейтинг очколарини қўлга киритиш имкониятини тақдим этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА