Мультииндикатор кластер кузатуви нима?
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар саломатлигини асраб-авайлаш, уларнинг таълим олиши, ижтимоий ҳолатини тубдан яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлар ўзини қай даражада оқлаётгани, қандай натижаларга эришилаётгани ҳақида батафсил билиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш учун статистик маълумотлар муҳим ўрин тутади.
Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 октябрда кучга кирган “2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борада алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур қарор республикада болалар ва аёллар ҳолатини халқаро даражада баҳолаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унда қатор вазифалар ўз аксини топган.
Аввало, мультииндикатор кластер кузатуви нима? «Мультииндикатор кластер кузатуви» (Multiple Indicator Cluster Survey — MICS) БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан ишлаб чиқилган, мамлакатда болалар, аёллар ва оилаларнинг яшаш шароитини ўрганишга қаратилган халқаро статистик тадқиқот дастури ҳисобланади.
Ушбу лойиҳа аҳолининг турмуш даражаси, болалар саломатлиги, таълим олиши ва аёлларнинг ижтимоий ҳолати ҳақида ишончли маълумотлар тўплаш учун ўтказилади. Жумладан, болаларнинг соғлиғи ва ривожланиш ҳолатини ўрганиш, аёлларнинг саломатлиги ва ижтимоий аҳволини баҳолаш, мактабгача ва мактаб таълими қамровини аниқлаш, оилаларнинг яшаш шароити ва моддий таъминотини ўрганиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини баҳолаш кабилар лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига кўра, «Мультииндикатор кластер кузатуви» лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорликда иш олиб боради.
Хусусан, глобал MICS дастурининг умумий тавсияларига мувофиқ, кузатув режаси ва бюджети тасдиқланади. Кузатувга тайёргарлик кўрилади ва шу асосда ўтказилади. Жумладан, 2027 йил ноябрига қадар хонадонларда юзма-юз сўровлар ўтказилади. 2028 йил мартга қадар маълумотлар таҳлил қилинади. 2028 йил июнь ойига қадар ҳисобот тайёрланади ва июль ойигача натижалар эълон қилинади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур дастур доирасидаги кузатувлар натижасида қайси ҳудудларда болалар камроқ эмланиши, қайси ҳудудларда мактабгача таълим қамрови пастлиги, оилаларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, болалар орасида озиқланиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланади. Бу эса соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида қандай янги чора-тадбирлар кўриш кераклигини кўрсатади.
Бу борада ҳукумат қарорида ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси кузатув натижаларидан келиб чиққан ҳолда, тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиши белгилаб берилган. Демак, ушбу дастур асосида тўпланадиган маълумот ва фактлар болалар, аёллар ва оилаларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга зарур шарт-шароитларни яратишда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА